Logo

Ўзбекистон делегацияси Покистоннинг Карачи шаҳрида икки томонлама ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилди

Май 30, 2025. 18:16 • 2 дақ

40
Ўзбекистон делегацияси Покистоннинг Карачи шаҳрида икки томонлама ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилди

КАРАЧИ, 30 май. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси ташаббуси билан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси раҳбарияти ва юртимиз тадбиркорларидан иборат делегациянинг Покистонга бизнес-миссияси ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Сафар давомида 27-28 май кунлари Карачи шаҳрида бир қатор йирик компаниялар билан учрашувлар ва музокаралар бўлиб ўтди.

"Zaman Textile Mills Ltd." компанияси раҳбарияти билан бўлиб ўтган музокараларда тўқимачилик соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари, жумладан, Ўзбекистонда тайёр маҳсулотлар ва уй текстили ишлаб чиқариш, тўқимачилик саноатининг тўлиқ занжирини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон делегацияси компаниянинг ишлаб чиқариш ва технологик имкониятлари, хомашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган тўлиқ саноат занжири, тўқиш ва бўяш технологиялари билан яқиндан танишди.

"Hub Leather", "Alliance Plus" ва "Nova Leather" компаниялари раҳбариятлари билан учрашувларда Ўзбекистонда майда шохли ҳайвонлар терисини қайта ишлаш ва тайёр тери маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳалари муҳокама қилинди. Технология трансфери ва ишлаб чиқариш қувватларини маҳаллийлаштириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди. "Hub Leather" компанияси раҳбарияти 9-10 июнь кунлари Ўзбекистонга ташриф буюриб, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича амалий музокаралар ўтказиши режалаштирилмоқда.

Ташриф давомида "Diner’s" компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган "Uzbek-Pak Trading Centre" савдо уйида давра суҳбати ташкил этилди. Унда икки мамлакатдан йирик бизнес доира вакиллари, экспорт-импорт компаниялари, туристик агентликлар ҳамда ватандошлар иштирок этди.

Савдо-саноат палатаси томонидан ушбу савдо марказини Покистон бозорида талаб юқори бўлган ўзбек маҳсулотлари билан таъминлаш юзасидан келишувга эришилди.

"Artistic Milliner’s", "Tabani" ва "Ashraf Textiles" компаниялари вакиллари билан учрашувларда юртимиздаги кам қувватда фаолият юритувчи тўқимачилик корхоналарини бошқарувга олиш ёки қўшма корхоналар ташкил этиш, менежментни такомиллаштириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Ушбу компаниялар вакиллари жорий йил июль ойида Ўзбекистонга ташриф буюришига ва музокараларни давом эттириш томонларнинг иш жадвалига киритилди.

Карачига ташриф доирасида "Korangi Trade Association" уюшмаси билан ўтказилган бизнес-форумда икки томонлама савдо ҳажмини ошириш ва маҳсулотлар номенклатурасини кенгайтириш масалалари юзасидан аниқ натижаларга эришилди. Томонлар мунтазам асосда ҳар чоракда учрашувлар ўтказиш орқали тадбиркорлар ўртасидаги бизнес алоқаларни мустаҳкамлашга келишиб олди.

Ўзбекистон делегациясининг Покистонга ташрифи давом этмоқда.  

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш