Ўзбекистон ва Ҳиндистон маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиради

Ноябрь 26, 2026. 10:30 • 2 дақ

• 1
Ўзбекистон ва Ҳиндистон маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиради

ДЕҲЛИ, 26 ноябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз Элчихонаси томонидан “Pathway Global Alliance” ташкилоти билан ҳамкорликда “Ҳиндистон–Ўзбекистон цивилизациялараро мулоқоти” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ҳиндистоннинг Ҳаряна штати Гуруграм шаҳридаги SGT университетида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон маданият вазири ўринбосари Санжар Бобожонов бошчилигидаги делегация иштирок этди.

Делегация таркибидан Маданият вазирлиги вакиллари, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, давлат хореография академияси ҳамда Самарқанд университети профессорлари жой олди.

Ҳиндистон томонидан SGT университети раиси Шримати Мадҳуприт Каур Чавла, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий комиссия аъзоси, Жавоҳарлаъл Неру университети, SGT университети ва Деҳли университети профессорлари, “Pathway Global Alliance” ташкилоти раҳбарияти, ихтисослашган факультетлар деканлари ҳамда симуляция лабораторияси вакиллари қатнашди.

Тадбир давомида цивилизациялараро мулоқот, маданий ўзаро боғлиқлик ҳамда уларнинг мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларни кенгайтиришдаги аҳамияти муҳокама қилинди. Тарихий алоқалар, маданий мерос, музейшунослик, археология, реставрация, адабиёт ва тил алмашинувини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, уйғунлик ва инклюзив ривожланиш ғоялари, жумладан, Шри Гуру Равидас Жининг Бухородаги изларини тадқиқ этиш билан боғлиқ “Begampura Dialogues” махсус сегментига ҳам тўхталиб ўтилди.

Учрашув доирасида ўзбекистонлик ва ҳиндистонлик тадқиқотчи-олимлар Гавҳар Матякубова, Ҳулкар Ҳамроева, Ахлақ Аҳан ва Мандави Сингх ҳаммуаллифлигида ёзилган “Лазги” ва “Катҳак” рақсларининг қиёсий тадқиқи: тарихий ривожланиши ва ўхшашлиги” номли монография тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон делегацияси ташриф давомида SGT университетининг лаборатория базаси ва симуляция стендлари билан танишди. Олий ўқув юртидаги “Synergy” майдони кўздан кечирилиб, павильонлар билан танишилди.

Тадбир якунида томонлар Ўзбекистон ва Ҳиндистон олий таълим муассасалари, маданият ва санъат соҳасидаги ихтисослашган муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма маданий дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш