Ўзбекистон ва Польша ўртасида туристик ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди

Ноябрь 26, 2026. 09:30 • 2 дақ

• 4

ВАРШАВА, 26 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси ташаббуси билан “Uzbekistan Airways” АЖ ҳамкорлигида мамлакатимизнинг етакчи туроператорларидан иборат делегациянинг ушбу мамлакатга хизмат сафари ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф доирасида Варшава шаҳридаги “Jerozolimskie Tower” бизнес марказида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган бизнес-форум ўтказилди. Унда юртимизнинг “Samarkanda Travel and Tours”, “Sitara Travel”, “Asialuxe Travel”, “Prestige Travel”, “Tour Link”, “Avrud Travel” ва “Orient Mice DMC” компаниялари вакиллари қатнашди.

Шунингдек, тадбирда Польша Савдо-саноат ва Туризм палаталари ходимлари, маҳаллий журналистлар ҳамда етакчи сайёҳлик компаниялари вакиллари ҳам иштирок этди.

Форум давомида мамлакатимиз элчихонаси дипломатлари сўнгги йилларда Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, замонавий сайёҳлик инфратузилмаси ҳамда режалаштирилган йирик халқаро тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Хусусан, 2026 йил 25–27 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган “Ипак йўлида туризм” халқаро туризм ярмаркасига алоҳида эътибор қаратилиб, польшалик ҳамкорлар мазкур нуфузли анжуманда фаол иштирок этишга таклиф қилинди.

2027 йилнинг апрель ойидан бошлаб “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан Тошкент–Варшава–Тошкент авиақатновлари йўлга қўйилишини кенг тарғиб қилиш масаласида ҳам фикр-мулоҳаза алмашилди.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари томонидан ўтказилган тақдимотларда юртимизнинг бой тарихий-маданий мероси, хорижий сайёҳлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, янги ва истиқболли йўналишлар ҳамда махсус сайёҳлик дастурлари намойиш этилди.

Тадбир доирасида польшалик меҳмонлар ўртасида интерактив танловлар ҳам уюштирилди. Ғолибларга “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан янги йўлга қўйилаётган Тошкент–Варшава–Тошкент тўғридан-тўғри авиақатнови учун авиачипталар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Форум дастурига мувофиқ, икки мамлакат туроператорлари ўртасида B2B шаклидаги музокаралар бўлиб ўтди. Учрашувлар давомида ўзаро шериклик муносабатларини кенгайтириш, қўшма сайёҳлик пакетларини ишлаб чиқиш, Польшадан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш