Ўзбекистонда Туркия тажрибаси асосида болалар реабилитация маркази қуриш режалаштирилмоқда
Сентябрь 08, 2026. 20:22 • 2 дақ
• 107
АНҚАРА, 8 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Туркиянинг “Avrupa Çocuk” болалар реабилитация маркази вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда Ўзбекистонда болаларни комплекс реабилитация қилишнинг турк модели асосида муассаса ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
Бу масала Истанбулда болалар учун замонавий ижтимоий хизматлар кўламини кенгайтириш ва оилаларни қўллаб-қувватлашни кучайтиришга қаратилган янги лойиҳа доирасида кўриб чиқилди.
Агентлик вакиллари 2010 йилдан буён ногиронлиги бўлган ва ривожланишида турли ўзига хосликларга эга болаларга хизмат кўрсатиб келаётган “Avrupa Çocuk” маркази фаолияти билан ҳам танишди.
Ҳозирда марказ аутизм спектри бузилишлари, ҳаракат функциялари, майда моторика, нутқ ва когнитив ривожланишида нуқсони бўлган болалар билан ишлайди.
Майдони қарийб 3 минг квадрат метр бўлган марказ бир ойда 1,4 минг нафаргача болага хизмат кўрсатиш қувватига эга. Истанбулда унинг 13 та филиали фаолият юритади. Туркия Миллий таълим вазирлиги билан ҳамкорликда амалга ошириладиган тегишли дастурлар доирасида болалар ва уларнинг оилаларига хизматлар бепул тақдим этилади.
Туркия моделининг асосий жиҳатларидан бири индивидуал ёндашувдир. Дастлабки текширувдан сўнг мутахассислар боланинг эҳтиёжларини аниқлаб, унга мос реабилитация ва таълим дастурини ишлаб чиқади, ривожланиш динамикаси эса мунтазам баҳолаб борилади.
Ушбу жараёнга физиотерапевтлар, логопедлар, психологлар ва педагоглар жалб қилинади. Қўлланиладиган усуллар орасида сенсор интеграция, нутқ ва жисмоний терапия, мустақиллик ва кундалик ҳаёт кўникмаларини ривожлантиришга мўлжалланган махсус дастурлар мавжуд.
Томонлар ота-оналар билан ишлаш, уларнинг реабилитация жараёнидаги иштироки ва боланинг янги муҳитга мослашуви масалаларини ҳам муҳокама қилди.
Ташриф якунларига кўра, Туркия тажрибаси Ўзбекистонда болалар реабилитацияси тизимини ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида белгиланди.
Келажакдаги лойиҳанинг аниқ параметрлари кейинги ҳамкорлик доирасида аниқланиши кўзда тутилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси