Ўзбекистон олий ўқув юртлари ва Бельгия таълим кенгаши ўртасида Ҳамкорлик меморандумлари имзоланди
Ноябрь 23, 2023. 20:28 • 2 дақ
• 210
БРЮССЕЛЬ, 26 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон олий таълим муассасалари раҳбарларидан иборат делегация Европа университетлари тажрибасини ўрганиш мақсадида амалий сафар билан Брюсселга борди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Сафар Бельгия таълим кенгаши билан ҳамкорликда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи университетлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар доирасида ташкил этилди.
Ташриф давомида Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонасида дастурда иштирок этаётган олий таълим муассасаларининг тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда Европа томонидан Европарламент, Еврокомиссия, Европа ташқи ҳаракатлар хизмати, Бельгия таълим кенгаши, эксперт ва таҳлилий доиралар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Унда Урганч технология университети, Альфраганус университети, Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Андижон машинасозлик институти, «Маъмун университети» НТМ, Самарқанд давлат чет тиллар институти раҳбарларининг тақдимотлари тингланди.
Европа институтлари вакилларига Ўзбекистондаги университетларни ривожлантириш имкониятлари ва истиқболлари, Европанинг етакчи университетлари ва Европа Иттифоқи институтлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш режалари ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон раҳбарияти томонидан мамлакатимиз тараққиётининг барча жабҳаларида кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Бу ислоҳотлар, биринчи навбатда, ёшлар ва таълимга сармояни кўпайтиришга қаратилган. Бугунги кунда Ўзбекистонда еттита Европа университетининг филиаллари муваффақиятли фаолият юритмоқда. Аммо бу ҳали ҳам Ўзбекистон ва Европа университетларининг салоҳиятига тўғри келмаслиги қайд этилди.
Тақдимот иштирокчилари яқин келажакда Ўзбекистон олий таълим муассасалари Европа Иттифоқи мамлакатларидаги етакчи университетлар билан янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва қўшма таълим дастурларини янада фаолроқ амалга оширишни режалаштираётганини алоҳида таъкидлашди. Европа Иттифоқига аъзо давлатлар таълим соҳаси вакиллари билан мунтазам учрашувлар ўтказишни қўллаб-қувватладилар ҳамда «Horizon Europe» дастури доирасида Ўзбекистонга илмий ва таълим лойиҳаларини қўллаб-қувватлашни кенгайтиришдан манфаатдорлик билдирдилар.
Тадбир якунида Ўзбекистон олий ўқув юртлари ва Бельгия таълим кенгаши ўртасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик тўғрисида 20 та меморандум имзоланди.
Улар, хусусан, профессионал видеоконференциялар, ўқув дастурлари ва академик алмашинувлар, ўқув ва илмий стажировкаларни ташкил этиш, Ўзбекистоннинг юқори малакали профессор-ўқитувчилари ва илмий кадрларини тайёрлаш, шунингдек, онлайн таълим соҳасида ҳамкорликни фаоллаштиришни назарда тутади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси