Берлинда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган кўргазма очилди
Сентябрь 29, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 82БЕРЛИН, 29 сентябрь. /“Дунё” АА/. Берлиндаги “Q Gallery Berlin” галереясида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган “Ўзгаришлар нафаси: ўзбек-герман маданий алмашинуви” номли кўргазманинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Германия Бундестаги ва Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, дипломатлар, маданият ва санъат арбоблари, шунингдек, кенг жамоатчилик ва санъат мухлислари иштирок этдилар.
Мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси томонидан “Q Gallery Berlin” ва “Cultur-Cooperation International e.V.” жамияти билан ҳамкорликда ташкил этилган экспозициядан машҳур германиялик рассомлар Сибелле фон Пройссен ва Франк Рёделнинг Ўзбекистонга бағишланган ижодий ишлари ҳамда суратлари ўрин олди.
Ўзбекистон элчиси Дилшод Аҳатов ўз нутқида мазкур маданий тадбир иштирокчиларини қутлаб, Германиянинг таниқли рассомлари ижодида юртимизнинг бой маданий мероси ўз ифодасини топгани икки томонлама алоқаларнинг яна бир ёрқин намунаси эканини таъкидлади. Шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда санъат ва маданият соҳасида улкан ютуқларга эришилаётгани, хусусан, Бухоро халқаро санъат биенналеси ҳамда янгидан ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази халқаро миқёсда катта эътирофга сазовор бўлаётгани қайд этилди.
Германия Ташқи ишлар вазирлигининг Осиё-Тинч океани минтақаси бўйича бош директори ўринбосари, доктор Йоахим Бертеле Ўзбекистон халқини мустақиллик айёми билан табриклаб, бундай кўргазмалар икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада бойитиш ва халқлар ўртасида яқин кўприк қуришга хизмат қилишини билдирди. Германия Бундестаги депутати, “Германия — Марказий Осиё” парламентлараро дўстлик гуруҳи раисининг ўринбосари Тобиас Винклер эса Ўзбекистон жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган қадимий илм-фан ва маданият маркази эканини таъкидлаб, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини қайд этди.
Тадбир давомида рассомлар Франк Рёдель ва Сибелле фон Пройссен Ўзбекистонга қилган сафарлари ва уларнинг ижодига мамлакатимизнинг бой тарихий мероси қандай кучли илҳом бағишлагани ҳақида ўз таассуротлари билан ўртоқлашдилар.
Очилиш маросими миллий рақслар ижро этилган концерт дастури билан давом этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси






