Исроилда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган концерт бўлиб ўтди
Июль 10, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 128АШКЕЛОН, 10 июль. /“Дунё” АА/. Исроилнинг Ашкелон шаҳрида Ўзбекистоннинг бой маданий меросини тарғиб қилиш ва мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали концерт бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё”АА мухбири.
Тадбир Исроилдаги Ўзбекистон элчихонаси кўмагида «Шарқ юлдузи» ансамбли раҳбари Жанна Қодирова ташаббуси билан ташкил этилди.
Тантанали кечада Исроилда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари, меҳнат мигрантлари, жамоатчилик вакиллари, меҳмонлар ҳамда санъат ихлосмандларидан иборат 200 нафардан ортиқ киши иштирок этди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, миллий қадриятлари, санъати ва анъаналарини хорижда кенг тарғиб қилиш, шунингдек, ватандошлар ўртасида ҳамжиҳатлик, дўстлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш муҳитини янада мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Концерт дастурида “Шарқ юлдузи” ансамбли томонидан ўзбек халқ қўшиқлари, миллий рақслар ва мусиқий композициялар ижро этилди. Санъаткорларнинг чиқишлари орқали меҳмонлар ўзбек халқининг бой тарихи, маданияти ва миллий анъаналари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.
“Мен азиз Ўзбекистонимни севаман ва унинг маданиятини доимо тарғиб қиламан. Халқимиз тинчликсеварлиги, бағрикенглиги ва юксак маънавияти билан ажралиб туради”, — деди ансамбль раҳбари Жанна Қодирова.
Ашкелон шаҳар ҳокимлиги вакиллари ўз чиқишларида Ўзбекистонда асрлар давомида шаклланган бағрикенглик, турли миллат ва маданиятларга ҳурмат ҳамда тинч-тотув яшаш анъаналари икки мамлакат халқлари ўртасидаги ўзаро англашув ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидладилар.
Ўзбекистон дипломатлари мазкур концерт мамлакатимизнинг маданий меросини хорижда кенг тарғиб қилиш, ватандошларни бирлаштириш ҳамда Ўзбекистон ва Исроил ўртасидаги дўстона муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этдилар.
Тадбир якунида иштирокчилар Ўзбекистонни яқинлашиб келаётган мустақилликнинг 35 йиллиги билан қутлаб, мамлакатимизга тинчлик, фаровонлик ва равнақ, шунингдек, Ўзбекистон–Исроил ҳамкорлигининг янада мустаҳкамланишини тиладилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


