Саудия матбуоти: Ўзбекистон билан йирик инвестиция ҳамда тиббий лойиҳалар имзоланди
Август 03, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 84АР-РИЁЗ, 3 август. /“Дунё” АА/. Саудия Арабистонининг “Dawaa News”, “Arab News”, “Mubasher Banks”, “Ar Riyadh” каби етакчи нашрларида мамлакат соғлиқни сақлаш вазирининг Ўзбекистонга ташрифи ҳамда ўзбек бизнеси учун исломий савдо молиялаштируви бўйича янги келишувлар ҳақида мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Dawaa News” порталининг ёзишича, Саудия Арабистони соғлиқни сақлаш вазири Фаҳд бин Абдураҳмон ал-Жалажал 27 июль куни Тошкентга ташриф буюрган. У сафар давомида “Сеха” виртуал шифохонаси, Саудия Арабистони Миллий тиббий суғурта маркази, “Lean Business Services” компанияси ва Саудия тиббиёт мутахассисликлари бўйича комиссияси билан олтита ҳужжатдан иборат тўпламни имзолаган.
Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев билан бўлиб ўтган учрашувда соғлиқни сақлашдан ташқари бошқа соҳаларда умумий қиймати 24,8 миллиард долларлик 48 та лойиҳадан иборат қўшма инвестиция портфели шакллантирилган.
Нашрда Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро молия корпорацияси кўмагида Саудия Арабистонининг “Vision Invest” компанияси иштирокида давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган, қиймати қарийб 300 миллион АҚШ долларига тенг Фарғона вилоятидаги 800 ўринли кўп тармоқли шифохона қурилишига алоҳида эътибор қаратилган. Бу икки мамлакатнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг йирик қўшма лойиҳаси ҳисобланади.
“Arab News” газетасида таъкидланишича, Хусусий секторни ривожлантириш бўйича халқаро ислом корпорацияси Ўзбекистоннинг “Hamkorbank”и билан 100 миллион долларлик савдони молиялаштириш шартномасини имзолаган.
Бу мамлакат банк тизимида тузилган йирик битимлардан бири саналади. Июнь ойида “Fitch Ratings” Ўзбекистон бўйича прогнозни “ижобий” даражага кўтаргани, “BB” рейтингини тасдиқлагани ҳамда 2026 йилда иқтисодиёт 6,3 фоизга ўсишини кутаётгани ҳам йирик халқаро битимларнинг имзоланишига туртки бўлмоқда.
“Mubasher Banks” порталида маълум қилинишича, Хусусий секторни ривожлантириш бўйича халқаро ислом корпорацияси “Ипак йўли” банкига аёллар тадбиркорлиги ва “яшил” молиялаштиришни қўллаб-қувватлаш учун 75 миллион доллар ажратганини қайд этган.
“Ar Riyadh” газетаси эса Президент Шавкат Мирзиёев 28 июль куни Саудия делегациясини қабул қилгани, учрашувда томонлар соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш, фармацевтика ва клиникалар қурилиши масалаларини муҳокама қилиб, янги лойиҳалар бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олгани ҳақида ёзди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

