“Hello Magyar”: G20 иқтисодий кун тартиби Ўзбекистон ислоҳотлари билан ҳамоҳанг бўлди
Август 03, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 77
БУДАПЕШТ, 3 август. /“Дунё” АА/. Венгриянинг “Hello Magyar” нашрида “G20 ва Ўзбекистон: янги иқтисодий воқеликда инвестициялар, саноат ва савдо” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиёт стратегияси G20 доирасида илгари сурилаётган барқарор ривожланиш, саноатни модернизация қилиш, энергетика трансформацияси, халқаро савдо ва рақамлаштириш каби устувор йўналишлар билан ҳамоҳанг экани таҳлил қилинган.
Нашрда ёзилишича, V Тошкент халқаро инвестиция форумида Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йилда мамлакат иқтисодиёти 7,7 фоизга ўсгани, 43 миллиард долларлик хорижий инвестициялар жалб этилгани ва 2026 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми 180 миллиард доллардан ошиши кутилаётганини маълум қилган.
Шу билан бирга, инглиз умумий ҳуқуқи тамойиллари асосида фаолият юритадиган Тошкент халқаро молия марказининг ташкил этилиши инвестиция муҳитини янада такомиллаштиришга хизмат қилишига эътибор қаратилган.
Муаллиф саноат соҳасида қўшилган қиймат ҳажмини камида 60 миллиард долларга етказиш ҳамда жорий йилда умумий қиймати 52 миллиард доллар бўлган 782 та янги лойиҳани амалга ошириш режасига алоҳида тўхталган. Муҳим минерал ресурсларни мамлакат ичида чуқур қайта ишлаш тизимини шакллантириш Ўзбекистоннинг узоқ муддатли рақобат устунликларидан бири сифатида баҳоланган.
Мақолада қайд этилишича, 2026 йилнинг январь–май ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 32,8 миллиард долларга етган, олтин ҳисобга олинмаган экспорт ҳажми эса 29,4 фоизга ошган. Мамлакатнинг асосий ташқи савдо шериклари сифатида G20 давлатлари — Хитой, Россия, Туркия, Франция, Корея Республикаси ва Германия қайд этилган.
Нашр, шунингдек, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни якуний босқичга яқинлашганини эслатади. Хусусан, жорий йил июнь ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШ Савдо вакили Жеймисон Грир билан учрашувида Америка томони ушбу жараённи расман қўллаб-қувватлашини билдирган.
“G20 доирасида илгари сурилаётган инвестициялар, саноат сиёсати, савдо интеграцияси ва иқтисодий шерикликка оид ёндашувлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан ҳамоҳанг бўлиб, Марказий Осиёни жаҳон бозорларини боғловчи муҳим иқтисодий кўприклардан бирига айлантирмоқда”, - дея якунлаган “Hello Magyar”.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси