Logo

"BMB ZA’FARON": Жиззах вилоятида заъфарон плантациялари кенгаймоқда

Октябрь 16, 2025. 13:21 • 2 дақ

116
"BMB ZA’FARON": Жиззах вилоятида заъфарон плантациялари кенгаймоқда

БАХМАЛ, 16 октябрь. /"Дунё" АА/. Бугун Жиззах вилоятининг Бахмал туманида заъфарон плантацияларини кенгайтириш жараёни билан танишиш тадбири бўлиб ўтмоқда, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Маълум қилинишича, жорий мавсум якунига кадар заъфарон етиштириладиган майдон 700 гектардан 820 гектаргача оширилади.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида экспортбоп, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар етиштириш ва қайта ишлаш соҳаси изчил ривожланмоқда. Бу жараёнда "BMB HOLDING" томонидан Италиянинг "FIN.OPERA SRL" компанияси ҳамкорлиги ва "Ўзсаноатқурилишбанк" молиявий кўмаги билан амалга оширилаётган заъфарон етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳаси алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Лойиҳа доирасида 400 гектар майдондаги ишлар "BMB-OPERA ZAFFERANO" Ўзбекистон-Италия қўшма корхонаси томонидан, қолган 420 гектари эса "BMB SHIFO" таркибида амалга оширилмоқда.

Ушбу вазифлар давлатимиз раҳбари 2024 йил апрель ойидаги Жиззах вилоятига ташрифи чоғида белгилаб берилган заъфарон плантацияларини 2000 гектаргача кенгайтириш вазифаси изчил амалга оширилмоқда.

Лойиҳанинг умумий қиймати 120 миллион еврога тенг Шундан 70 миллион евро хорижий инвестициялар, 37 миллион евро "BMB HOLDING" маблағлари ва 13 миллион евро — "Ўзсаноатқурилишбанк" кредити ҳисобланади.

Ҳозиргача 84,6 миллион евро миқдорида инвестиция ўзлаштирилиб, 2 гектар майдонда замонавий ишлаб чиқариш мажмуаси ишга туширилган. Ушбу корхона қуритиш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва эфир мойлари ишлаб чиқариш бўйича Европа стандартларига жавоб беради.

Сув ресурсларидан тежамкор фойдаланиш мақсадида польшалик мутахассислар билан ҳамкорликда AgroNanoGel Basic гидрогел технологияси жорий этилган бўлиб, сув сарфини 40–45 фоизга камайтириш имконини бермоқда. Шунингдек, плантацияда қуёш панеллари орқали "яшил энергия" тизими йўлга қўйилган.

Бугунги кунда "BMB ZA’FARON" бренди остидаги маҳсулотлар Италия, Австрия, Нидерландия, Франция, АҚШ, Саудия Арабистони ва бошқа давлатларга экспорт қилинмоқда. Экспорт ҳажми 2021 йилда 1,2 млн еврога тенг бўлган бўлса, 2025 йил якунига қадар 12 миллион еврога етказилиши кутилмоқда.

Умуман, ушбу йирик лойиҳа нафақат ҳудуд аграр салоҳиятини, балки ижтимоий барқарорлик ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш