Тошкентда электроника, хавфсизлик ва инновация йўналишидаги халқаро кўргазмалар бошланди
Ноябрь 11, 2025. 12:44 • 5 дақ
• 105
ТОШКЕНТ, 11 ноябрь. /"Дунё" АА/. Тошкент шаҳридаги "Ўзэкспомарказ" павильонларида умумий хавфсизлик тизимларини намойиш этувчи "Securex Uzbekistan – 2025" ҳамда электроника, электротехника ва инновацион технологияларни тақдим қилувчи "E-TechExpo – 2025" халқаро кўргазмалари бошланди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ушбу халқаро кўргазмалар "Iteca Exhibitions" халқаро кўргазмалар компанияси ва унинг ҳамкори "ICA Eurasia Group" томонидан ташкил этилмоқда. Қўшма экспозицияда Австрия, Беларусь, Германия, Жанубий Корея, Польша, Россия, Туркия, Хитой, Қозоғистон, Ўзбекистон каби мамлакатдан 140 га яқин компания қатнашаяпти.
Кўргазма инновацион видео кузатув ва хавфсизлик ечимларини ишлаб чиқишда етакчи бўлган Олтин ҳомий – "Hikvision" компанияси томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Компания IP-камералар, видеорегистраторлар, киришни бошқариш тизимлари, хавфсизлик сигнализациялари ва интеграциялашган платформалар каби кенг турдаги ускуналарни ишлаб чиқаради.
"Securex Uzbekistan" ва "E-TechExpo 2025" кўргазмаларининг бир вақтда ўтказилиши хавфсизлик ва электротехника соҳалари мутахассислари учун кенг қулайлик яратмоқда. Тадбир иштирокчилари намойиш қилинаётган энг сўнгги ускуналар ва технологиялар билан танишиш ҳамда тегишли соҳа вакиллари билан самарали ҳамкорликни ўрнатиш имконига эга бўлаяпти.
Давлат, жамият ва бизнеснинг барқарор ривожланиши барча жабҳаларда: ҳукумат, ахборот, саноат, ёнғин хавфсизлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа соҳаларда хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқдир. Ўн олти бор ташкил этилаётган "Securex Uzbekistan" хавфсизлик ва ёнғин хавфсизлиги мутахассислари энг сўнгги технологиялар ва саноатни ривожлантириш тенденциялари ҳақида кенг маълумот олиши мумкин бўлган катта платформа бўлмоқда.
Бу йил "Securex Uzbekistan" анъанавий равишда хавфсизлик, киришни назорат қилиш, электрон хавфсизлик тизимлари, ёнғинга қарши ускуналар, шахсий ҳимоя воситалари, юқори аниқликдаги мониторинг ва видеокузатув тизимлари, тармоқ ечимлари ва интеграциялашган қўриқлаш платформалари каби соҳаларда янги маҳсулотларни намойиш этаяпти. Учувчисиз учиш аппаратлари қўлланилишининг жадал ривожланиши ҳисобга олинса, дронларга қарши мудофаа тизимлари алоҳида эътиборни тортади.
"Securex Uzbekistan"да мутахассислар хавфсизликнинг асосий соҳаларида илғор ечимларни ўрганиш имкониятига эга бўлишмоқда. Видеокузатув ва киришни бошқариш тизимлари бўлимида Ўзбекистоннинг "Hikvision", Хитойнинг "Sunell", "Tiandy", Корея Республикасининг "Suprema", "KJ TECH" ва Россиянинг "Лазерные системы" инновацион камералари, видеорегистраторлар, биометрик тизимлар, "ақлли шаҳар", транспорт, логистика ва саноат объектлари учун интеграциялашган платформаларни тақдим этишмоқда.
Объектларни ҳимоя қилиш ва миллий хавфсизлик учун инновацион технологиялари билан машҳур "Aselsan" турк корпорацияси дронларга қарши ва қўриқлаш тизимлари бўлимида дебют қилди. Доимий иштирокчи – ёнғиндан ҳимоя қилиш, хавфсизлик ва электрон киришни бошқариш тизимларини ўз ичига олган инновацион хавфсизлик ечимларини тақдим этувчи миллий корпорация "EAS" давлат чегаралари, аэропортлар, стадионлар ва бошқа муҳим объектларни ҳимоя қилиш учун кўчма ва стационар ечимларни намойиш этаяпти.
Германиянинг "AP Sensing", Ўзбекистоннинг "Shtar System", Россиянинг "Гефест", "НИИ Гирикорд", Қозоғистоннинг "Egida Group" ишлаб чиқарувчилари томонидан тақдим этилаётган ёнғинга қарши ускуналар ва огоҳлантириш тизимлари кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда.
Интеграциялашган хавфсизлик ва саноат коммуникациялари бўлимида Германиянинг "ARIT Sicherheitstechnologien GmbH", Туркиянинг "KRON TEKNOLOJI", Австриянинг "Mira Technologies" ва Ўзбекистоннинг "VANT", "SKAT", "Techno Steel Constructions" саноат корхоналари транспорт инфратузилмаси ва давлат муассасалари учун овозли тизимлар, сунъий интеллект таҳлили ва робот платформаларини тақдим қилмоқда.
Россиянинг "Энергоконтракт", Хитойнинг "Linyi Yunchaozhen", Қозоғистоннинг "NTS Design" ва Беларуснинг "CHEFI" компанияларининг шахсий ҳимоя воситалари, иш кийимлари энергетика, қурилиш, саноат тармоқлари учун юқори технологияларни тақдим этади. Шунингдек, Беларуснинг "Regula" компанияси томонидан ҳужжатлар, банкноталар ва қимматли қоғозларнинг ҳақиқийлигини текшириш учун қўлланиладиган техника намойиш қилинди.
Ҳозирда замонавий электротехникалар ҳаётнинг барча соҳаларига жадал кириб бормоқда. Бундай инновацион технологиялар жараёнларни автоматлаштириш, корхона самарадорлигини ошириш, хавфсизликни таъминлаш ва иқтисодий ривожланиш учун янги имкониятлар яратмоқда.
Бу йил тўртинчи бор ўтказилаётган "E-TechExpo" кўргазмаси етакчи ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчиларнинг сўнгги ишланмаларига қизиққан мутахассисларда катта таассурот қолдирмоқда. Кўргазмада истеъмолчи, саноат, бизнес учун мўлжалланган илғор технологиялар намойиш этилмоқда.
Жумладан, Робототехника ва автоматлаштириш бўлимида Хитойнинг "Unitree Robotics" компаниясининг пиёда ва гуманоид роботлар, манипуляторлар ва платформалар намойиш этилмоқда. Ақлли қурилмалар ва иқлим назорати бўлимига эса Германиянинг "STEGO" ҳамда Хитойнинг "ANTOP" компанияларининг сўнгги моделдаги маиший ва автомобиль ҳаво тозалагичлари жойлаштирилди.
Кўргазмада Хитойнинг кўплаб компаниялари фаол иштирок этмоқда. Жумладан, "Shenzhen Shunlianjie Technology" компанияси тиббий, аудиовизуал, саноат ва алоқа ускуналари учун Push-Pull улагичлар, "Yuyao JERA Line" ҳаво линиялари ва тарқатиш тизимлари учун кабель қисқичлар, "Hong Kong Cross Ocean Technology" босма электрон платалар ишлаб чиқариш ва электрон модулларни йиғиш, "Shenzhen Sunny Technology", "Dongguan ICT Technology" босма электрон платалар ишлаб чиқариш, "SHENZHEN GEWUYUN Technology" мобил телефон эҳтиёт қисмлари ва қурилмаларни йиғиш учун аксессуарларни намойиш этмоқда.
Маҳаллий "Maybo-U" компанияси замонавий ўлчаш ва синов қурилмаларини, Россиянинг "Elekond" ишлаб чиқариш корхонаси эса саноат, авиация, электр транспорти тизимлари учун конденсаторлар ва энергия сақлаш қурилмаларини тақдим қилди.
Ушбу нуфузли тадбирларда илк бор 100 дан ортиқ маҳаллий компания иштироки кузатилмоқда. Уларнинг фаолиятини кенг намойиш қилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси, Миллий гвардия, Божхона қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги яқиндан кўмак бериб келаяпти.
Securex Uzbekistan ва E-TechExpo 2025 кўргазмаларининг бизнес дастурига тематик семинарлар киради, уларда мутахассислар амалий билим ва инновацион ечимларни тақдим этадилар (11-ноябрь, 1 ва 2-павильонлар орасидаги Семинарлар ҳудуди).
Hikvision компаниясининг сотув лойиҳалари менежери Сухроб Исаков таълим соҳасидаги замонавий ечимларни муҳокама қилади. UNITREE ROBOTICS компаниясининг савдо менежери Jovi Liu иштирокчиларни интеллектуал робототехника саноатидаги ютуқлар ва тенденциялар билан таништиради. Семинарлар иштирокчиларга замонавий технологияларни муҳокама қилиш, тажриба алмашиш ва етакчи саноат мутахассисларидан долзарб саволларга жавоб олиш имконини беради.
Ташкилотчилар: Iteca Exhibitions халқаро кўргазмалар компанияси ва унинг ҳамкори ICA Eurasia Group.
Қўшимча маълумот олиш учун Iteca Exhibitions матбуот хизматига мурожаат қилинг.
Teл: + (998 71) 205 18 18, E-mail: pr@iteca.uz; www.securex.uz, www.e-techexpo.uz
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси