Logo

Ўзбекистонда заъфарон етиштиришда сув тежовчи ноу-хаулардан фойдаланилмоқда

Сентябрь 30, 2024. 18:46 • 2 дақ

873
Ўзбекистонда заъфарон етиштиришда сув тежовчи ноу-хаулардан фойдаланилмоқда

ТОШКЕНТ, 30 сентябрь. /"Дунё" АА/. "BMB HOLDING" қишлоқ хўжалигида, хусусан, Жиззах вилоятининг Бахмал туманидаги заъфарон плантацияларида польшалик мутахассислар билан ҳамкорликда синов тариқасида "AgroNanoGel Basic" гидрогель маҳсулотини қўллай бошлади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Маълумки, глобал иқлим ўзгариши, об-ҳаво ҳароратининг кўтарилиши, сув ресурсларининг тақчиллиги, қурғоқчил ҳудудларнинг кенгайиб бориши минтақамизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ.


Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 25 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилар кенгаши IX йиллик йиғилишининг очилиш сессиясида таъкидлаганидек, айни пайтда Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув ресурслари тақчиллиги муаммолари айниқса ўткир тус олмоқда.


Мамлакатимиз етакчиси Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан ҳамкорликда сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш бўйича Минтақавий марказ ташкил этиш ташаббусини илгари сурганлиги ҳам бежиз эмас.


Мазкур ҳолат соҳада хориж тажрибасидаги ноу-хауларни қўллаш, сув ресурсларидан максимал даражада самарали фойдаланишни тақозо этмоқда. Хусусан, "BMB HOLDING" қишлоқ хўжалигида, хусусан, Жиззах вилоятининг Бахмал туманидаги заъфарон плантацияларида польшалик мутахассислар билан ҳамкорликда синов тариқасида "AgroNanoGel Basic" гидрогель маҳсулотини қўллай бошлади.


"AgroNanoGel Basic" (гидрогель) маҳсулоти ўсимликлар учун сув захирасидир. Унинг қўлланилиши бутун вегетация даврида ўсимликлар учун оптимал сув шароитларини таъминлайди. Мутахассисларга кўра, қишлоқ хўжалигида гидрогелнинг қўлланилиши 40-45 фоизгача сувни тежаш имкониятини беради.


Гидрогель синов якунига кўра оммалаштирилади, қолаверса, заъфарон ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларида сув сарфини сезиларли даражада камайтиради.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш