Logo

28-30 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон халқаро кон-металлургия форуми бўлиб ўтади

Октябрь 20, 2025. 17:53 • 2 дақ

129
28-30 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон халқаро кон-металлургия форуми бўлиб ўтади

ТОШКЕНТ, 20 октябрь. /"Дунё" АА/. 28-30 октябрь кунлари Тошкент шаҳридаги "O'zekspomarkaz" МККда Ўзбекистон халқаро кон-металлургия форуми (UIMF – 2025) бўлиб ўтади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири

 Бу "Тоғ-кон иши, металлургия ва металлсозлик – MiningMetals Uzbekistan – 2025" 19-Халқаро кўргазмаси дастурини тўлдирувчи соҳа учун муҳим бизнес воқеа бўлади.

Тадбир ташкилотчилари - Iteca Exhibitions халқаро кўргазма компанияси ва унинг ҳамкорлари – ICA Eurasia Group va Congresses of Central Asia - CCA.

Бугунги кунда кон-металлургия соҳаси Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим ўрин тутади ва шу билан бирга, глобал ўзгаришлар: паст углеродли ривожланишга ўтиш, инновацион технологияларни жорий этиш, муҳим металларнинг аҳамияти ортиб бораётгани, ишлаб чиқаришни рақамлаштириш ва автоматлаштириш марказида турибди. Бу масалаларнинг барчаси UIMF-2025 кун тартибини шакллантиради.

Бугунги кунга қадар 18 мамлакатдан 150 дан ортиқ компания ва брендлар, 55 та спикер ва 500 дан ортиқ делегатлар тадбирларда иштирок этишларини тасдиқладилар. Форум дастури 11 та долзарб сессияни ўз ичига олади.

Форумнинг мавзуси "Келажакнинг тоғ-кон саноати: ресурслар ва стратегиялар"дир. Асосий мавзулар сармоя, "яшил" технологиялар, рақамлаштириш, муҳим металлар, ресурслар самарадорлиги, илғор металлургия ечимлари ва келажак саноати учун кадрлар тайёрлашни ўз ичига олади. Форум янги муаммолар ва имкониятларни муҳокама қилиш, барқарор ривожланиш бўйича ечимларни аниқлаш, Ўзбекистоннинг глобал кон-металлургия мажмуаси саҳнасидаги ўрнини мустаҳкамлаш учун платформа бўлиб хизмат қилади.

Форумда ҳукумат вакиллари, соҳани тартибга солувчи органлар, йирик ишлаб чиқарувчилар, инвесторлар, молия институтлари ва халқаро экспертлар иштирок этади.

Мунозаралар турли форматларда бўлиб ўтади: ялпи мажлис, эксперт сессиялари, амалий семинарлар ва интерактив баҳслар.

Форум анъанага кўра, Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Ўзбекистон металлургия уюшмаси расмий кўмагида ўтказилади ва глобал трансформациялар шароитида кон-металлургия соҳасини узоқ муддатли ривожлантириш бўйича янги ҳамкорлик ва стратегияларни шакллантиришда муҳим қадам бўлади.

"UIMF – 2025" иштирокчилари https://uimf.uz/uz/request-form ҳавола орқали рўйхатдан ўтишлари мумкин.

 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш