Logo

Ўзбекистон ТИВ делегацияси Туркияда маҳаллий иш берувчилар билан учрашув ўтказди

Ноябрь 02, 2025. 15:23 • 2 дақ

153
Ўзбекистон ТИВ делегацияси Туркияда маҳаллий иш берувчилар билан учрашув ўтказди

АНҚАРА, 2 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги делегацияси Туркияга ташрифи доирасида маҳаллий иш берувчилар билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур учрашувда "KSK Temizlik Turizm ve Organizasyon Tic L.Ş.", "Angora Ahşap Alüminyum PVC İmalat İnşaat Sanayi ve Ticaret Anonim Şirketi", "Law Ads Turizm Danışmanlık Ltd.Şti", "Mos İnsan Kaynakları İşkur Özel İstihdam Bürosu", "Hazal Grup İnsan Kaynakları İŞKUR Özel İstihdam Bürosu", "İbn-i Sina Özel İstihdam bürosu", "Nova Sağlik Danışmanlık" каби хусусий бандлик агентликлари масъуллари иштирок этди.

Иштирокчилар Туркияда Ўзбекистон фуқароларининг қонуний бандлигини таъминлаш, ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш, бандлик соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, Туркияда мавжуд бўш иш ўринларига Ўзбекистон фуқароларини уюшган ҳолда ишга танлаш ва жойлаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Делегация аъзолари маҳаллий иш берувчиларга мамлакатимизнинг ишчи кучи салоҳияти, юртимизда миграция жараёнларини тартибга солиш, хавфсиз ва тартибли меҳнат шароитини яратиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида маълумот берди.

Туркиядаги хусусий бандлик агентликлари томонидан қурилиш, ишлаб чиқариш, уй хизматлари, сервис ва туризм йўналишлари бўйича 2000 дан ортиқ бўш иш ўринлари мавжудлиги таъкидланди. Хусусан, Анталья шаҳрида фаолият юритувчи "Mos İnsan Kaynakları İşkur Özel İstihdam Bürosu" масъуллари ҳудуддаги 10 дан ортиқ меҳмонхоналарга 500–1000 нафар Ўзбекистон фуқароларини мавсумий ишларга жалб қилиш имконияти мавжудлигини билдириб ўтди.

Шунингдек, Ўзбекистон фуқароларини ишга танлаш ва жойлаштириш жараёни билан боғлиқ мавжуд камчиликлар хусусида ҳам фикр-мулоҳаза алмашилди. Иш берувчилар билан ушбу муаммоларни қисқа фурсатда бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш