Дипломатларимиз россиялик иш берувчилар билан учрашди
Ноябрь 17, 2025. 11:28 • 2 дақ
• 97
ЕКАТЕРИНБУРГ, 17 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда ушбу шаҳардаги Миграция агентлиги ваколатхонаси томонидан маҳаллий компания вакиллари билан учрашув ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Дастлаб, Россия Федерацияси ҳудудида нефть-газ, электр энергияси, саноат ва қурилиш бўйича 90 дан ортиқ лойиҳаларни амалга ошириб келаётган "Евракор" АЖ вакили Ольга Севец билан учрашув ўтказилди. Унда ҳамюртларимизни ташкиллаштирилган тартибда ишга жойлаштириш масаласида суҳбат қилинди.
Мулоқот давомида "Евракор" АЖдаги иш жараёнлари, яратилган қулайлик, ойлик маошлари, хорижий фуқаролар жалб қилинган тақдирда улар учун яшаш шароитлари ҳамда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун лозим бўладиган ҳужжатлар тўплами ҳақида фикр алмашилди.
Ольга Севецнинг таъкидлашича, иш берувчи билан шартнома имзоланган тақдирда ишчиларнинг истиқомат қилиши учун бепул турар-жой ва озиқ-овқат, кафолатланган ойлик маош билан таъминланади. Суҳбатдош ишчи кучини жалб қилиш, танловларни ташкил этиш, ишчиларнинг яшаш ва меҳнат шароитлари, меҳнат фаолиятини амалга оширишга руҳсат берувчи ҳужжат (патент)ни расмийлаштириш, фуқароларни иш жойига трансфер қилиш масалалари бўйича ҳам маълумот берди.
Шунингдек, Тюмень шаҳридаги салат ва руккола қайта ишлаб чиқарадиган "Прованс" МЧЖ ташкилоти директори Татьяна Овсянкина билан ҳам юртдошларимизни ишга жойлаштириш масаласида учрашув ўтказилди.
Суҳбат жараёнида хорижга ишчи кучини жалб қилиш борасида республикамизнинг ҳар бир вилоятида комплекс хизмат кўрсатувчи замонавий моно-марказлар фаолият юритаётгани ҳақида маълумот берилди.
"Прованс" МЧЖ раҳбари Ўзбекистонда етиштирилаётган руккола ва айсберг маҳсулотларини импорт қилаётгани ҳамда ҳозирда ушбу ҳажмни орттиришга эҳтиёж борлигини маълум қилди. Шу мақсадда юртимиздаги фермерлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналар билан алоқа ўрнатишда амалий ёрдам сўради. Суҳбат давомида салат ишлаб чиқариш учун ойига 200 тонна айсберг ҳамда 40 тонна рукколага талаб борлигини таъкидлади.
Учрашувлар доирасида вакилларимиз бўш иш ўринлари, яшаш ва меҳнат шароитлари, ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнидаги мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳамда бошқа ҳамкорлик алоқалари хусусида фикр алмашиб, икки томонлама бажарилиши лозим бўлган ишлар юзасидан келишувларга эришди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Бокуда қийин аҳволга тушиб қолган юртдошимиз ватанга қайтарилди
Ўзбекистон дипломатларининг Канадага ташриф доирасида миграция масалалари муҳокама қилинди
Санкт-Петербургда ватандошлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича меморандум имзоланди