Logo

Германияда миграция соҳасида уч томонлама истиқболли меморандум имзоланди

Апрель 07, 2025. 07:23 • 2 дақ

454
Германияда миграция соҳасида уч томонлама истиқболли меморандум имзоланди

БЕРЛИН, 7 апрель. /"Дунё" АА/. Мамлакатимизнинг Берлиндаги элчихонасида Германия меҳнат бозорига Ўзбекистондан мутахассисларни жалб қилишга қаратилган уч томонлама англашув меморандумни имзолаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда "Микрокредитбанк" Акциядорлик тижорат банки бошқарув раиси Ориф Бўтаев, "International People IP GMbH and Co.KG" компанияси раҳбари Томас Фёрстер бошчилигидаги делегация, дипломатлар, шунингдек, онлайн тарзда "German Sparkassenstiftung for International Cooperation" ташкилотининг Ўзбекистондаги раҳбари Матиас Ванглер иштирок этди.

Имзоланган меморандумга кўра, немис томони юртимиз мутахассисларини гастрономия, озиқ-овқат логистикаси, логистика ва гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш саноати соҳаларида Германия корхоналарида ишлашга тайёрлаш учун дуал касбий таълим ўқув юртларида ўқиш жараёнини енгиллаштириш мақсадида тил курслари таклиф этади. Шунингдек, сараланган мутахассисларга виза ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш, Германияда кутиб олиш, иш ва яшаш жойлари билан таъминлаш ва рўйхатдан ўтказиш ишларида яқиндан ёрдам беради.

"Тошкент шаҳрида компаниямизнинг "International People Education GmbH" тил ўқув маркази ўз фаолиятини бошлади. Ҳозирги кунда ўқув марказида немис тили билим даражасини аниқлаш бўйича халқаро тил сертификатлари олиш учун мўлжалланган тил курслари ҳамда касбга йўналтирилган махсус тил курсларига қатнашиш имконияти мавжуд", деди ўқув маркази раҳбари Акбар Фахриев.

Шунингдек, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Инклюзив дуал таълим маркази "International People IP GmbH and Co. KG" билан ҳамкорликда очилди.

Немис компанияси делегациясининг жорий апрель ойида Ўзбекистонга сафари, "German Sparkassenstiftung for International Cooperation" ваколатхонаси ва "Микрокредитбанк" билан биргаликда амалий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиши кутилмоқда.

Ушбу меморандум Ўзбекистон ва Германия ўртасида имзоланган миграция ва мобиллик соҳасида кенг қамровли шериклик тўғрисидаги битим ижросини таъминлаш йўлидаги навбатдаги амалий қадамлардан бири бўлиб хизмат қилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш