Россиянинг Новосибирск вилояти қарийб 200 минг нафар ишчига эҳтиёж сезмоқда
Июнь 01, 2026. 17:25 • 2 дақ
• 79
НОВОСИБИРСК, 1 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консулхонаси ташаббуси билан Новосибирск давлат иқтисодиёт ва бошқарув университетида илк бор меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган “давра суҳбати” бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Новосибирск вилояти Меҳнат ва ижтимоий ривожланиш вазирлигининг масъул ходимлари ҳамда меҳнат миграцияси масалалари билан шуғулланувчи мутахассислар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Бош консули Аслам Акбаров Новосибирск вилояти ҳудудида меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш Бош консулхона фаолиятининг асосий йўналишларидан бири бўлиб келаётгани ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолишини таъкидлади.
Новосибирск вилояти Минтақавий сиёсат вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, минтақада Марказий Осиё давлатлари фуқароларини ишга жалб этишда барқарор ижобий ўсиш кузатилмоқда. Шу билан бирга, 2025 йилда Новосибирск вилоятига ишлаш учун келган барча хорижий фуқароларнинг 56 фоизини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этиши қайд этилди.
Новосибирск вилояти Меҳнат ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги вакили эса, ўз навбатида, ҳозирда вилоятга 200 мингга яқин ишчи кераклигини маълум қилди. Хусусан, улар орасида энг кўп талаб токарлар, пайвандчилар, фрезерчилар, бўёқчилар, бетончилар, арматурачилар, электриклар ҳамда агробизнес соҳаси мутахассислари сезилаётгани айтиб ўтилди.
Шу муносабат билан Россия томони Ўзбекистонлик ҳамкорлар билан Новосибирск вилояти корхоналарига ишга жойлаштириш учун юртимиздан талабгир мутахассисларни тартибли равишда жалб этиш масалалари бўйича амалий маслаҳатлашувлар ўтказишга тайёрлигини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




