Владивостокда оғир аҳволда қолган ўзбекистонлик оила ватанига қайтарилди

Июль 08, 2026. 21:30 • 2 дақ

127
Владивостокда оғир аҳволда қолган ўзбекистонлик оила ватанига қайтарилди

ВЛАДИВОСТОК, 8 июль. /“Дунё” АА/. Хорижда оғир вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонасига ушбу ҳудудда вақтинча бўлиб турган ватандошимиз М.Р. мурожаат қилди. У ўз мурожаатида 2023 йилда туғилган вояга етмаган фарзанди билан биргаликда маблағсиз ва бошпанасиз оғир аҳволда қолганини билдирган. Ҳамюртимиз Ўзбекистонга қайтиб кетиш учун давлат томонидан амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган.

Бош консулхона ходимлари томонидан аниқланишича, фуқаро 2025 йилда Россиянинг Приморск ўлкасига турмуш ўртоғининг ёнига келган. Жорий йилнинг июнь ойида турмуш ўртоғи ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғуллангани сабабли ички ишлар идоралари томонидан қўлга олиниб, суд қарори билан Ўзбекистонга депортация қилинган. Оила бошлиғисиз қолган аёлнинг ишлаб топаётган маблағи вақтинчалик турар жой, озиқ-овқат ҳамда ёш боланинг зарур эҳтиёжларини қоплашга етмаган ва улар молиявий инқирозга дуч келган.

Шунингдек ўқинг

Юзага келган вазиятни тезкорлик билан ҳал этиш ҳамда оғир аҳволдаги оилага кўмаклашиш мақсадида Бош консулхона томонидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилди. Миграция агентлиги ҳузуридаги жамғарма маблағлари ҳисобидан оила номи билан “Владивосток–Тошкент” йўналишидаги авиарейсга бепул авиачипталар расмийлаштириб берилди.

Ватандошларимиз Бош консулхона ходимлари кузатуви остида Владивосток халқаро аэропортидан Ўзбекистонга соғ-саломат қайтарилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш