Саудия Арабистони 100 нафар ўзбекистонлик тиббиёт мутахассисини ишга қабул қилишни режалаштирмоқда

Июль 06, 2026. 11:30 • 3 дақ

190
Саудия Арабистони 100 нафар ўзбекистонлик тиббиёт мутахассисини ишга қабул қилишни режалаштирмоқда

АР-РИЁЗ, 6 июль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси дипломатлари ушбу давлат Соғлиқни сақлаш вазирлиги Кадрлар бошқармаси бошлиғи ҳамда “Vigour Locomotion Medical Center” тиббий реабилитация маркази бошқарув директори Вадҳа бинт Саад ал-Ҳажрий билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда икки давлат ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, ўзбекистонлик шифокор ва ҳамшираларни Саудия Арабистонининг хусусий тиббиёт муассасаларига ишга жалб этиш, инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Саудия томони маълумотига кўра, мамлакатдаги хусусий касалхона ва тиббиёт марказлари учун қарийб 4,5 минг нафар хорижий шифокор ва ҳамширага эҳтиёж мавжуд. Шу муносабат билан дастлабки босқичда 100 нафар ўзбекистонлик шифокор ва ҳамширани ишга қабул қилиш таклифи илгари сурилди.

Таклиф этилаётган меҳнат шартларига мувофиқ, иш берувчи ходимларнинг иқомаси (расмий яшаш ва ишлаш рухсатномаси), турар жойи, ички транспорт харажатлари, тиббий суғуртаси ҳамда йиллик авиачипта харажатларини тўлиқ қоплаб беради.

Иш ҳақи ёш шифокорлар учун 4 500–5 600 саудия риали (тахминан 1 200–1500 АҚШ доллари), тажрибали мутахассислар учун 5 600–9 300 саудия риали (1 500–2 500 доллар), ҳамширалар учун эса 3000–3 750 саудия риали (800–1000 доллар) миқдорида белгиланган.

Эҳтиёж асосан оилавий шифокорлар, акушер-гинекологлар, физиотерапевтлар, дерматологлар, болалар психологлари ҳамда юз-жағ жарроҳлари каби мутахассисликлар бўйича мавжуд.

Шунингдек ўқинг

Мулоқот давомида Саудия томони ўзбекистонлик тиббиёт ходимларининг касбий маҳорати, меҳнатсеварлиги ва интизомини юқори баҳолаб, айнан шундай малакали кадрларни ишга жалб этишдан манфаатдор эканини таъкидлади. Шу билан бирга, инглиз тилини яхши биладиган ҳамда касбий этика қоидаларига қатъий амал қиладиган мутахассисларга талаб юқори экани қайд этилди.

Учрашувда Ар-Риёз провинциясида замонавий кўп тармоқли соғломлаштириш тиббиёт маркази (санаторий) қурилиши лойиҳаси ҳам тақдим этилди. Саудия томони мазкур лойиҳада ўзбекистонлик инвесторларни иштирок этишга таклиф қилди.

Лойиҳа амалга оширилган тақдирда, Ўзбекистондан қурувчилар, муҳандислар, электриклар, сантехниклар, дурадгорлар, ҳайдовчилар ҳамда бошқа соҳалар мутахассисларини жалб қилиш, кейинчалик эса санаторий фаолияти учун уларга янги иш ўринларини яратиш режалаштирилмоқда.

Учрашув давомида Вадҳа бинт Саад ал-Ҳажрий шу йил июль ойи охирида Саудия Арабистони соғлиқни сақлаш вазири бошчилигидаги делегация таркибида Ўзбекистонга ташриф буюришини маълум қилди. Ташриф доирасида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миграция агентлиги ҳамда “Зомин” санаторийси билан икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Мазкур музокаралар Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида тиббиёт соҳасидаги амалий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, ўзбекистонлик малакали тиббиёт кадрлари учун муносиб меҳнат имкониятларини кенгайтириш ҳамда инвестициявий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш