Тошкентда инсон ҳуқуқлари ва рақамли трансформацияга бағишланган халқаро конференция бошланди
Август 20, 2026. 10:58 • 2 дақ
• 55ТОШКЕНТ, 20 август. /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбекистон пойтахтида “Рақамли трансформация шароитида инсон ҳуқуқлари: замонавий ёндашувлар” мавзусидаги халқаро конференция ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир гибрид форматида бўлиб, унда давлат органлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий муассасалар, халқаро ташкилотлар вакиллари, омбудсманлар ҳамда хорижий мамлакатлар экспертлари иштирок этмоқда.
Конференция рақамли технологияларнинг шиддатли ривожланиши шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлашнинг долзарб масалаларига бағишланган. Рақамлаштириш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, интернетда хавфсизликни таъминлаш ҳамда рақамли хизматлардан тенг фойдаланиш билан боғлиқ янги имкониятлар ва таҳдидларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тадбир доирасида рақамли маконда ёшлар ва хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенглигини таъминлаш, кибербуллингнинг олдини олиш ва интернет хавфсизлигини назорат қилиш, инклюзив рақамли хизматларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталари, БМТ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий муассасалар ва бошқа халқаро ташкилотлар раҳбарияти иштирок этмоқда.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Мавлудахон Ходжаева, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Махл, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Антти Карттунен, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва бошқа иштирокчилар сўз юритди.
Конференцияда турли мавзуларда сессиялар ўтказилиши режалаштирилган. Сессияларда хорижий ва ўзбекистонлик экспертлар рақамли муҳитда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг замонавий механизмлари, халқаро тажриба ва келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилади.
Шунингдек, конференцияда муҳокама қилинган мавзулар бўйича зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, икки томонлама ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумларни имзолаш маросими бўлиб ўтиши кўзда тутилган.
Конференция якунлари бўйича рақамли трансформация шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг асосий йўналишларини акс эттирувчи Тошкент декларациясини қабул қилиш режалаштирилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

