BBC: Ўзбекистон дунёнинг энг тез ривожланаётган IT бозорларидан бирига айланмоқда
Август 20, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 64
ЛОНДОН, 20 август. /“Дунё” АА/. Британиянинг машҳур BBC порталида Ўзбекистонда ахборот технологиялари соҳаси жадал ривожланаётгани ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Материалда сўнгги йилларда мамлакат IT соҳаси жадал суръатларда ўсиб, дунёдаги энг тез ривожланаётган стартап экотизимларидан бирига айлангани таъкидланган. Бу жараёнда Тошкентдаги IT Park муҳим ўрин тутиб, айни пайтда у 3,7 мингта компанияни бирлаштирган.
Нашрга кўра, IT Park резидентлари солиқ имтиёзлари, кадрлар тайёрлаш ва жалб этишда кўмак, венчур молиялаштириш ҳамда халқаро бозорларга чиқиш имкониятларидан фойдаланмоқда. IT хизматлари экспорти 2017 йилдаги 600 минг доллардан 2025 йилда 1 миллиард долларга етган. 2030 йилга бориб, бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.
BBC Ўзбекистонда технологик бизнес учун яратилган махсус ҳуқуқий ва молиявий муҳитга ҳам эътибор қаратган. Жумладан, IT Park резидентлари учун солиқ имтиёзлари, компанияларни ишга тушириш харажатларини камайтиришга қаратилган “Zero Risk” дастури, янги бизнес моделларини синовдан ўтказиш имконини берувчи тартибга солувчи “қумдонлар” ва “Enterprise Uzbekistan” тизими қайд этилган.
Шу билан бирга, нашрда мамлакатда рақамли инфратузилма ва IT соҳаси учун кадрлар салоҳияти изчил кенгайтирилаётганига алоҳида эътибор қаратилган. Мобил кенг полосали алоқа аҳоли яшайдиган ҳудудларнинг 99,5 фоизини, оптик толали тармоқлар эса 98,2 фоизини қамраб олган. 2025 йилда 510 мингдан зиёд ёш халқаро тан олинган IT сертификатларига эга бўлган, уларнинг 55 фоизини қизлар ташкил этган.
Мақолада Ўзбекистон IT-аутсорсинг йўналишида ҳам ўз мавқеини мустаҳкамлаётгани қайд этилган. Хусусан, компаниялар алоҳида лойиҳалардан доимий дастурий таъминот, сунъий интеллект ва киберхавфсизлик соҳаларидаги жамоаларни шакллантиришга ўтаётгани таъкидланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси