Logo

2025 йилда юртимизга 32 минг нафар япон сайёҳи келган

Февраль 22, 2026. 10:56 • 2 дақ

78
2025 йилда юртимизга 32 минг нафар япон сайёҳи келган
2025 йилда юртимизга 32 минг нафар япон сайёҳи келган
2025 йилда юртимизга 32 минг нафар япон сайёҳи келган

ТОКИО, 22 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари юртимиз туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишлаб тадбир ташкил этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Япония сайёҳлик компаниялари уюшмаси (JATA) ижрочи директори Кожи Икехата, юртимизнинг ушбу давлатдаги туризм элчиси Кейсуке Минами, “H.I.S. Co.Ltd”, “JTB Corp.”, “Hankyu International”, “World Air&Sea Co.Ltd”, “Nippon Travel Agency”, “Club tourism international INC”, “Nippon Travel Agency”, “Nokyo Tourist Corporation” каби етакчи сайёҳлик компаниялари вакиллари ҳамда таниқли санъаткорлар иштирок этди.

Тадбир аввалида Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда хорижий сайёҳларга яратилган шароит ва қулайликлар, туризм инфратузилмасини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Элчи юртимизда халқаро стандартлар асосидаги меҳмонхоналар, туристик кўнгилочар масканлар барпо қилиш ҳамда туризм бозорини диверсификация қилиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида маълумот берди.

JATA ижрочи директори Кожи Икехата Буюк Ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон тарихи, маданияти, миллий таомлари, меҳмондўст халқи, такрорланмас архитектураси билан япон сайёҳлари учун жозибадор мамлакат эканини алоҳида таъкидлади.

2025 йилда мамлакатимизга ташриф буюрган япон сайёҳлари сони тарихда илк маротаба 32 минг нафарга етиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробардан ортиқ ўсгани қайд этилди. JATA вакили томонидан Японияда “Ўзбекистон туризм бренди”ни тарғиб қилишда уюшма томонидан барча амалий кўмак кўрсатишга тайёрлиги маълум қилинди.

Таниқли япон актёри, Ўзбекистоннинг Япониядаги туризм элчиси Кейсуке Минами томонидан 2025 йилнинг август ойида Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи таассуротлари ҳамда Япониядаги мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича олиб бораётган фаолияти ҳақида маълумот тақдим қилинди.

Элчихона вакиллари намойиш қилган тақдимот давомида ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон мероси обидалари рўйхатига киритилган мамлакатимизнинг тарихий бинолари, Ўзбекистон ҳудудларининг туризм салоҳияти, япон сайёҳлари учун қизиқиш уйғотиши мумкин бўлган миллий урф-одатлар, таомлар ва туризм йўналишлари ҳақида турли лавҳалар кўрсатилди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси маслаҳатчиси Асами Киношита Самарқанд шаҳридан онлайн қатнашди. У япон сайёҳлик компаниялари учун янги туризм йўналишлари ва дастурлари ҳақида маълумот берди.

“Hankyu International” компанияси менеджери Аюко Семба Ўзбекистон ушбу компаниянинг асосий туризм йўналишларидан бирига айланганини таъкидлади. Менеджер 2026 йил давомида янги туризм дастурларини ишлаб чиққан ҳолда мамлакатимизга ташриф буюрадиган япон сайёҳлари сонини икки баробарга ошириш режалаштирилаётганини маълум қилди. 

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш