Logo

Хитойда Ўзбекистон туризми ва маданияти кенг намойиш қилинди

Апрель 03, 2026. 10:25 • 2 дақ

61
Хитойда Ўзбекистон туризми ва маданияти кенг намойиш қилинди

ГУАНЧЖОУ 3 апрел. /“Дунё” АА/. Шэньчжэнь шаҳрида Ўзбекистоннинг туризм ва маданий салоҳиятига бағишланган кенг қамровли тақдимот тадбири бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг Бош консулхонаси ҳамда “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Гуандун провинциясидан 50 дан ортиқ етакчи туроператорлар, ишбилармонлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тақдимот давомида хитойлик мутахассисларга Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги кенг имкониятлари атрофлича таништирилди. Хусусан, Буюк Ипак йўли бўйлаб маданий-тарихий йўналишлар, гастрономик турлар, мамлакатнинг бетакрор табиати ва ишбилармонлик туризми (MICE) учун яратилган замонавий шароитларга алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон бугунги кунда турли тоифадаги сайёҳлар талабларига жавоб бера оладиган бой ва хилма-хил туризм маҳсулотларини таклиф этмоқда.

Шунингдек ўқинг

Анжуман доирасида “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси махсус брифинг ўтказди. Унда Тошкент – Шэньчжэнь йўналиши бўйича янги мунтазам авиақатнов йўлга қўйилгани эълон қилинди. Ушбу йўналиш Ўзбекистонни Хитойнинг йирик иқтисодий ва технологик марказларидан бири билан бевосита боғлайди.

“Top Tourism Holding” президенти Жонсон Ченнинг таъкидлашича, тўғридан-тўғри рейсларнинг йўлга қўйилиши сайёҳлар оқимини ошириш, икки давлат ўртасидаги иқтисодий, маданий ва гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу эса тадбиркорлар ва сайёҳлар учун янги имкониятлар яратади.

Тадбирнинг маданий қисми ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Ўзбекистонлик санъаткорлар ижросидаги миллий рақс – Лазги кечанинг энг ёрқин жиҳатига айланди. У хитойлик меҳмонлар томонидан катта қизиқиш билан қарши олиниб, ўзбек халқининг бой маданияти ва меҳмондўстлигини намоён этди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш