Деҳлида Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти тақдимоти бўлиб ўтди

Май 14, 2026. 09:55 • 2 дақ

6
Деҳлида Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти тақдимоти бўлиб ўтди
Деҳлида Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти тақдимоти бўлиб ўтди
Деҳлида Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти тақдимоти бўлиб ўтди

ДЕҲЛИ, 14 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси мамлакатимизнинг Туризм қўмитаси, «Uzbekistan Airways» ва «Centrum Air» авиакомпаниялари билан ҳамкорликда юртимизнинг туристик салоҳиятига бағишланган «roadshow» ташкил этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Ҳиндистоннинг сайёҳлик гуруҳларига хизмат кўрсатиш, MICE-туризм, оилавий саёҳатлар ва бошқа йўналишларга ихтисослашган 70 дан ортиқ етакчи туристик компаниялари вакиллари қатнашди.

Иштирокчиларга сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижалари ва мамлакатимизнинг тобора юксалиб бораётган туристик салоҳияти ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.

Ички ва халқаро туризмни ривожлантириш учун яратилган жозибадор ва қулай шароитлар, замонавий меҳмонхоналар тармоғининг кенгайтирилаётгани ҳамда туристик хизматлар турфа хиллигининг оширилаётганига алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳиндистон туристик компаниялари вакилларида икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларнинг жадал кенгайиши ҳақидаги маълумот катта қизиқиш уйғотди. Мунтазам рейслар нафақат Тошкент–Деҳли–Тошкент йўналиши бўйича, балки Мумбай ва Гоадан ҳам Тошкентга амалга оширилаётгани таъкидланди. Хусусан, «Centrum Air» авиакомпанияси икки давлат пойтахтлари ўртасида рейсларни йўлга қўйган бўлса, «Uzbekistan Airways» Наманган ва Деҳлини ҳаво кўприги орқали боғлади. Парвозлар географияси кенгайиб бормоқда.

Томонлар сўнгги йилларда Ҳиндистондан Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сони бир неча баробар ортганини қайд этди. Ҳинд компаниялари туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдорлик билдирди. Мамлакатимизда фаол ривожланаётган замонавий инфратузилма сайёҳлар оқимини кўпайтиришнинг муҳим омили бўлаётгани таъкидланди.

Савол-жавоб сессияси давомида иштирокчилар Ҳиндистон фуқаролари учун виза олиш тартиби, Ўзбекистоннинг асосий туристик марказлари – Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз ва бошқа шаҳарларни боғловчи тезюрар поездлар ва авиарейслар жадвали ҳамда ўзларини қизиқтирган бошқа саволларга батафсил жавоб олди.

Форум доирасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда янги туристик йўналишлар ва пакетларни яратишга бағишланган B2B учрашувлар ўтказилди.

Тақдимот якунида Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти ҳақидаги видеороликлар намойиш қилинди ва ўзбек миллий таомлари тақдим этилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш