Ўзбекистон–Миср туризм соҳасидаги ҳамкорлик ривожлантирилади
Май 07, 2026. 15:47 • 2 дақ
• 178
ҚОҲИРА, 9 май /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси вакиллари ушбу давлатдаги Мисрнинг нуфузли “Egypt Holiday” туристик компанияси раҳбари Амр Риёд билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат давомида Амр Риёд сўнгги пайтларда мисрликлар орасида хорижга саёҳат қилишга қизиқиш ортиб бораётганини таъкидлаб, айниқса янги ва ҳали кенг ўрганилмаган йўналишларга талаб юқори эканини қайд этди. Унинг фикрича, Ўзбекистон бой тарихий мероси, ислом цивилизациясининг муҳим марказларидан бири экани ҳамда маданий яқинлиги билан мисрлик сайёҳлар учун истиқболли йўналиш ҳисобланади.
Амр Риёд Ўзбекистон билан яқин ҳамкорлик қилишга катта қизиқиш билдириб, бугунги кунда мамлакатимиздаги қатор туристик компаниялар билан алоқа ўрнатиш устида иш олиб бораётганини маълум қилди.
Шу билан бирга, у элчихона томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида Ўзбекистонни тарғиб қилиш ишларини бошлаганини айтди. Мазкур жараёнга Мисрнинг машҳур блогерлари, жумладан, ижтимоий тармоқларда 2 миллиондан ортиқ кузатувчисига эга Рания Яҳё ҳамда шоу-бизнес вакиллари жалб этилмоқда.
Суҳбат чоғида Мисрдан Ўзбекистонга сайёҳларни жалб қилишдаги асосий муаммо авиачипталар нархининг юқорилиги экани қайд этилди. Ҳозирда авиачипталар қиймати 600–1200 АҚШ доллари атрофида бўлиб, бу кўплаб сайёҳлар учун қимматлик қилмоқда.
Солиштириш учун, Вьетнамга авиачипта нархи тахминан 400 доллар, Европа давлатларига тўлиқ турпакетлар эса ўртача 1000 доллар экани мисол тариқасида келтирилди. Шу муносабат билан Амр Риёд Қоҳира–Тошкент йўналишида чартер рейсларини йўлга қўйиш бўйича ўз таклиф ва ташаббусларини билдирди.
Учрашув якунида жорий йил июнь ойида бир гуруҳ мисрлик блогерлар иштирокида Ўзбекистонга танишув сафари ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Ташрифдан асосий мақсад мамлакатимизнинг туристик имкониятлари ва диққатга сазовор жойлари билан яқиндан танишиш, шунингдек, келгусида мисрлик сайёҳлар учун махсус турпакетлар ишлаб чиқишдан иборат бўлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси