Жакартада “Умра плюс Ўзбекистон” халқаро туризм кўргазмаси бўлиб ўтди

Июль 01, 2026. 19:00 • 2 дақ

113
Жакартада “Умра плюс Ўзбекистон” халқаро туризм кўргазмаси бўлиб ўтди
Жакартада “Умра плюс Ўзбекистон” халқаро туризм кўргазмаси бўлиб ўтди
Жакартада “Умра плюс Ўзбекистон” халқаро туризм кўргазмаси бўлиб ўтди

ЖАКАРТА, 1 июль. /“Дунё” АА/. Индонезия пойтахтидаги “Kempinski Grand” меҳмонхонасида “Умра плюс Ўзбекистон” халқаро туризм кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон, Индонезия, Малайзия, Қозоғистон, Саудия Арабистони, Марокаш каби давлатлардан 400 дан ортиқ туризм компаниялари, туроператорлар ҳамда соҳа мутахассислари жам бўлди.

Кўргазманинг асосий мақсади Умра ва зиёрат туризми йўналишида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, янги туристик маҳсулотларни кенг тарғиб қилиш ҳамда манфаатли бизнес алоқаларини мустаҳкамлашдан иборат бўлди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Индонезия савдо вазири ўринбосари Дьях Путри қатнашиб, “Умра плюс Ўзбекистон” лойиҳаси ҳақида сўз юритди.

Шунингдек ўқинг

Анжуман доирасида “Умра плюс Ўзбекистон” лойиҳаси ҳамда юртимизнинг бой туристик салоҳиятига бағишланган махсус тақдимот намойиш этилди. Маросим давомида рамзий лента кесилиб, халқаро кўргазмага расман старт берилди.

Кўргазмада Ўзбекистон Туризм қўмитаси, мамлакатимизнинг Индонезиядаги элчихонаси ҳамда қатор маҳаллий сайёҳлик компаниялари вакиллари иштирок этди. Ўзбекистон павильонида мамлакатимизнинг бетакрор тарихий-маданий мероси, улкан зиёрат туризми салоҳияти, Самарқанд, Бухоро, Хива каби жаҳон тамаддуни марказлари, юртимизда яратилган замонавий ва хавфсиз туризм инфратузилмаси хорижлик ҳамкорларга кенг таништирилди.

Тақдимотлардан сўнг иштирокчи компаниялар ва туроператорлар ўртасида ўзларига ажратилган павильонларда B2B форматида бизнес музокаралари бўлиб ўтди. Мулоқотлар давомида янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда зиёрат туризми йўналишидаги истиқболли дастурлар юзасидан қатор муҳим келишувларга эришилди.

Кўргазма давомида фаол иштирок этган ташкилот ва компанияларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, “Умра плюс Ўзбекистон” кўргазмаси зиёрат туризми соҳасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини глобал майдонда муносиб тарғиб этишда ғоят муҳим ва самарали платформа вазифасини ўтамоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш