Уч ой ичида Испанияда 1 миллиондан ортиқ муҳожир мақомини қонунийлаштириш учун ариза топширди

Июль 01, 2026. 21:00 • 2 дақ

50
Уч ой ичида Испанияда 1 миллиондан ортиқ муҳожир мақомини қонунийлаштириш учун ариза топширди

МАДРИД, 1 июль. /“Дунё” АА/. Испанияда бир миллиондан ортиқ ноқонуний муҳожир оммавий легаллаштириш давлат дастури доирасида қонуний мақом олиш учун ариза топширди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Euronews” телеканалига таяниб.

Дастлаб, дастурдан 500 000 га яқин одам, асосан Лотин Америкаси давлатларидан фойдаланишлари кутилган эди. Дастур жорий йилнинг апрель ойида бошланган ва 30 июнь куни якунланган.

Испания бош вазири Педро Санчес пойтахтда мурожаатлар сони мигрантларга ҳуқуқий мақом ва интеграция имкониятларини тақдим этиш муҳимлигидан далолат беришини айтди.

У аҳолининг қариши ва қишлоқ жойлардаги демографик ўзгаришлар фонида мигрантлар мамлакат иқтисодиёти, ижтимоий таъминот тизими ва пенсия тизимини қўллаб-қувватлашда муҳим роль ўйнашини таъкидлади.

“Иммиграция бўлмаса, 2050 йилга бориб, Испания ялпи ички маҳсулоти 19 фоизга пастлайди, – дейди Педро Санчес. – Бу бизнес нуқтаи назаридан нимани англатади? Масалан, 90 минг бар ёпилиши, 50 минг бошланғич ва ўрта мактаб ўқувчилардан маҳрум бўлиши ва 220 мингга яқин фермер хўжаликлари йўқ бўлиб кетишини англатади”.

Шу билан бирга, ариза бериш яшаш ва ишлаш учун рухсат олишни кафолатламайди. Ариза берувчилар судланмаганини тасдиқлаши ва 1 январгача мамлакатда камида беш ой узлуксиз бўлганини исботлаши керак.

Шунингдек ўқинг

Испания ҳукумати ҳужжатларни уч ой ичида кўриб чиқишни ва фақат мамлакат ҳудудида амал қиладиган ишлаш ва яшаш учун рухсатномалар бериш тўғрисида қарор қабул қилишни режалаштирмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Бош вазир Педро Санчес миграция заруриятининг қатъий ва изчил ҳимоячиси эди. 2024 йил октябрь ойида парламент олдида сўзлаган нутқида у мамлакат ўз иқтисодиётини ривожлантириш ва ижтимоий давлатни қўллаб-қувватлаш учун миграцияга муҳтожлигини таъкидлади.

“Тарих давомида миграция миллатлар ривожланишининг энг муҳим омилларидан бири бўлиб келган, нафрат ва ксенофобия эса миллатларнинг энг катта вайронкорлари бўлган ва шундай бўлиб қолмоқда”, – деган эди ўшанда у.

“Reuters” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш