Маскатда Ўмон ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказилди
Июль 01, 2026. 20:30 • 2 дақ
• 53ТОШКЕНТ, 1 июль. /“Дунё” АА/. Кеча Маскатда Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий ва сармоявий имкониятларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, тадбирда Ўмон Ташқи ишлар вазирлиги, Савдо-саноат палатаси вакиллари, 30 га яқин етакчи компания ҳамда бошқа ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев, Ўмон ташқи ишлар вазири ўринбосари Халифа ал-Ҳарисий ва мамлакатимизнинг Маскатдаги элчиси Абдусалом Хатамов сўзга чиқди.
Икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан аниқ таклифлар илгари сурилди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг инвестиция ва туризм салоҳияти ҳамда мамлакатимизда хорижий сармоядорлар учун яратилган имтиёз ва имкониятлар тақдимоти ўтказилди.
Давра суҳбати доирасида Ўмон Савдо-саноат палатаси Туризм қўмитаси раиси, “Siham Development and Investment” компанияси раҳбари Сиҳам ал-Ҳарсийга Ўзбекистоннинг Ўмондаги туризм элчиси сертификати топширилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




