Хитойда Ўзбекистон туризм йили тадбирлари бўлиб ўтмоқда
Май 20, 2025. 01:04 • 2 дақ
• 84
ПЕКИН, 20 май. /"Дунё" АА/. Пекин шаҳрида "Хитойда Ўзбекистон туризм йили" дастури доирасида мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мамлакатимиз элчихонаси ва Ўзбекистон Туризм қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Хитойнинг Маданият ва туризм вазирлиги, йирик сайёҳлик компаниялари, соҳа мутахассислари, маданият ташкилотлари, ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди.
Иштирокчиларга сўнгги йилларда Ўзбекистонда сайёҳлик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижий сайёҳлар учун яратилаётган қулай шароитлар, мамлакатимизнинг туризм салоҳияти ва имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Хусусан, Тошкент шаҳри ва Жиззах вилоятининг туристик жозибадорлигига бағишланган тақдимотлар ўтказилди. Мамлакатимиз туризмига бағишланган видео роликлар намойиш этилди.
Йиғилганлар эътиборига Ўзбекистон санъат усталари иштирокида концерт дастури тақдим қилинди.
Шунингдек, тадбир доирасида В2В учрашувлари ўтказилди, икки давлат туристик компаниялари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Чи Жунлин, Хитой Маданият ва туризм вазирлиги Халқаро алмашинув ва ҳамкорлик бюроси маслаҳатчиси:
– Бугун Пекин шаҳрида Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишлаб ўтказилган тадбирда иштирок этаётганимдан хурсандман.
Ўзбекистон туризм йили доирасида Хитойнинг кўплаб шаҳарларида шу каби тақдимотлар, форумлар, фестиваллар доимий ўтказиб келинмоқда.
Мен бир неча йил Ўзбекистонда Маданият ва туризм бўйича маслаҳатчи бўлиб фаолият юритдим. Мамлакатингизнинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарларида кўп маротаба бўлганман. У ердаги дунёга машҳур ёдгорликлар, тарихий обидалар, зиёрат қадамжолари, гўзал иншоотлар юртингизнинг бебаҳо бойлигидир.
Бугунги тадбирда иштирок этаётган Хитойнинг кўплаб сайёҳлик агентликлари, маданият вакиллари Ўзбекистон туризми ва шу йўналишда ҳамкорлик имкониятлари ҳақида батафсил маълумот олди.
Ишонаманки, туризм ва халқларимиз ўртасидаги алмашинув орқали мамлакатларимизнинг дўстона алоқалари янада чуқурлашади ва ривожланиб боради.
Сюн Шаньхуа, Халқаро маданият ва туризмни ривожлантириш компанияси директори:
– "Хитойда Ўзбекистон туризм йили" дастури доирасида ташкил этилган тадбирда қатнашдик.
Ўзбекистон ва Хитой тарихан жуда яқин алоқаларга эга мамлакатлар.Ўзбекистонда кўплаб маданий мерос обидалари ва ажойиб табиат манзаралари мавжуд.
Ҳозирда кўплаб хитойликлар мамлакатингизга саёҳат қилишни афзал кўрмоқда. Бу Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги алмашинув учун ажойиб имконият яратмоқда.
Жорий йил 1 июнидан бошлаб давлатларимиз ўртасида визасиз режимнинг жорий этилиши эса Хитойдан мамлакатингизга туристлар сонининг янада ошишига туртки бўлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Чехияда ўзбек маданияти ва туризм имкониятлари намойиш қилинди
Лондонда британиялик экспертлар билан тиббий туризм истиқболлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон норвегияликлар учун машҳур сайёҳлик йўналишига айланмоқда
Наманган вилояти делегацияси хитойлик ишбилармонлар билан туризм бўйича келишувларга эришди
Малайзия сайёҳлик компаниялари билан туризм бўйича келишувларга эришилди