Ўзбекистон туризм имкониятлари Москвада намойиш этилди

Сентябрь 05, 2026. 21:00 • 2 дақ

166
Ўзбекистон туризм имкониятлари Москвада намойиш этилди

МОСКВА, 5 сентябрь. / “Дунё” АА/. Россиядаги “Видение 3000” халқаро мунозара клуби ташаббуси билан ўтказилган анжуманда Ўзбекистоннинг бой туризм салоҳияти ва меҳмондўстлик анъаналари намойиш қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Москва миллатлар уйида бўлиб ўтган тадбирда иштирокчилар мамлакатимизнинг бой маданий мероси, очиқлик сиёсати, ривожланган инфратузилмаси ҳамда туризмнинг жозибадор турлари билан яқиндан танишди.

Анжуманда жорий йил август ойида Хива шаҳрида ўтказилган “Қовун сайли” фестивалининг Гиннесснинг рекордлар китобига киритилгани алоҳида эътироф этилди.

Мулоқотда 2026 йилнинг 7 ойи давомида Россиядан келган сайёҳлар статистикаси, тўғридан-тўғри авиақатновлар, визасиз тартиб, тил тўсиғининг йўқлиги ҳамда зиёрат ва гастрономик туризм имкониятлари ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек ўқинг

Қатнашчиларга шу йилнинг 25–27 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган 31-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси ҳақида батафсил маълумот берилиб, тарғибот материаллари тарқатилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Туризм қўмитаси ҳузуридаги “Миллий PR-маркази” томонидан суратга олинган янги барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази ва юртимизнинг сайёҳлик масканлари акс этган видеороликлар намойиш этилди.

Тадбир якунида Россия ҳудудлари, сайёҳлик компаниялари ва ОАВ вакиллари билан янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича музокаралар ўтказилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш