Москвада Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва сайёҳлик имкониятлари намойиш қилинди

Август 25, 2026. 18:00 • 2 дақ

100

МОСКВА, 25 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси Россиянинг “Кайтан” сайёҳлик агентлиги билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг туризм ва маданий салоҳиятига бағишланган тадбир ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Россия маданият ва санъат арбоблари, миллий маданият марказлари фаоллари ҳамда Россияда истиқомат қилаётган ватандошлар иштирок этди.

Россиянинг энг яхши 100 нафар маърузачиси қаторига кирувчи санъатшунос Галина Минакованинг нутқи тадбир қатнашчиларида катта таассурот қолдирди. У Ўзбекистон тарихига бағишланган тақдимотида 2026 йил июль ойида Тошкентнинг модернистик меъморчилик иншоотлари ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилганини алоҳида таъкидлади. Ушбу объектлар таркибига Ўзбекистон пойтахтининг 10 та рамзий модернистик биноси ва шаҳар мажмуалари кириши қайд этилди.

Маърузачи анъанавий ўзбек нақшларининг рамзий маъноларини очиб берди ва тингловчиларни кўп асрлик анъаналар призмаси орқали минтақанинг маданий қадриятлари билан таништирди. Машҳур “Лазги” Хоразм рақсининг жонли ижроси миллий байрам муҳитини янада бойитди.

Тадбир давомида “Кайтан” лойиҳаси асосчиси Фотима Тамбиева Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари – Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хиванинг маданий-сайёҳлик имкониятлари ҳақида тўхталиб ўтди. Тақдимот доирасида 2026 йил 12–22 октябрь кунлари ўтказилиши режалаштирилган тадбир ҳақида ҳам маълумот берилди.

Шунингдек ўқинг

Иштирокчиларга Ўзбекистон Туризм қўмитаси ҳузуридаги Миллий ПР-марказ томонидан тайёрланган республиканинг бой тарихий мероси, табиий ландшафтлари ва гастрономик салоҳияти ҳақидаги ранг-баранг видеороликлар намойиш этилди.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси томонидан тақдим қилинган экспозиция ва материаллар кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Стендларда Ўзбекистоннинг асосий диққатга сазовор жойлари, туризм инфратузилмасининг ривожланиши ҳамда мамлакат бўйлаб дам олиш ва саёҳат қилиш учун замонавий имкониятлар ҳақидаги сайёҳлик буклетлари, брошюралар ва ахборот материаллари жойлаштирилди.

Залдаги миллий бурчакда анъанавий ўзбек сувенирлари – нақшинкор сопол буюмлар, безакли кўзалар, миллий чолғу асбоблари, машҳур ўзбек тўқимачилик намуналари ҳамда анъанавий бош кийимлар намойиш этилди. Экспозиция Ўзбекистон халқ амалий-безак санъатининг бойлиги ва ўзига хослигини яққол кўрсатиб берди.

Тадбир якунида ютуқли ўйинлар ташкил этилиб, унда ғолиб бўлганларга турли совғалар, жумладан, “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясидан икки кишилик тўртта авиачипта тақдим этилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш