Жанубий Кореяда Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган "Даштлар сўзлайди: Марказий Осиёнинг чуқур қалбидан 12 ҳикоя" номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди
Май 02, 2025. 07:11 • 4 дақ
• 47
CЕУЛ, 2 май. /"Дунё" АА/. Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти ва Чонгджу университети профессори Ким Чу Ёнгнинг "Даштлар сўзлайди: Марказий Осиёнинг чуқур қалбидан 12 ҳикоя" номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Марказий Осиё давлатларининг ушбу мамлакатдаги элчихоналари ва "Корея – Марказий Осиё" ҳамкорлик форуми котибияти билан биргаликда ташкил этилган тақдимот тадбирида Корея Республиканинг сайёҳлик компаниялари, ОАВ ходимлари, блогер ва ютуберлар қатнашди.
"Корея – Марказий Осиё" ҳамкорлик форуми котибияти ижрочи директори Ри Чон Кук тадбир аввалидаги нутқида Буюк ипак йўлининг ривожланиши ва гуллаб-яшнаши ҳамда унинг дунё цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини алоҳида таъкидлар экан, Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон шаҳарларининг ўзига хос тарихий ўрни ва беқиёс аҳамиятини эътироф этди. Унинг айтишича, бу минтақа асрлар давомида фақат географик эмас, балки маданий ва иқтисодий кўприк сифатида ҳам хизмат қилган.
Ри Чон Кук, шунингдек, Корея Республикаси ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий ва гуманитар соҳалардаги муносабатларнинг бугунги кунги алоқаларини юқори баҳолади.
"Бундай яқин алоқалар нафақат икки томонлама ривожланишга, балки минтақада тинчлик, барқарорлик ва умумий фаровонликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Келгусида ҳам тарихий дўстлик ва стратегик шериклик асосида янада кенг қамровли ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш зарур", деди у.
Ўзбекистон элчиси Алишер Абдусаломов мамлакатимизда туризм соҳасида сўнгги йилларда олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан туризм соҳасида ўрнатилган ҳамкорлик алоқалари, мамлакатимизда сайёҳларга хизмат кўрсатиш бўйича шароитлар, уларнинг хавфсизлиги таъминлашда амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил сўз юритди.
Китоб муаллифи Ким Чу Ёнг ўз навбатида, Ўзбекистон ҳақида гапирар экан, бу юрт унда ўчмас таассурот қолдирганини таъкидлади. У Ўзбекистонни қадимий цивилизациялар бешиги, ноёб меъморчилик обидалари ва самимий инсонлар юрти сифатида тасвирлади.
"Ўзбекистонга сафарим чоғида Бухоро, Самарқанд, Тошкент ва Нукус каби шаҳарларида бўлдим. Ҳар бир манзил менда ўзимни тарих билан юзма-юз келгандек ҳис қилдим. Айниқса, Нукус шаҳридаги Савицкий музейи мени жуда ҳайратга солган. Бу музейни "чўлнинг қаърида яширинган маънавий хазина" деб аташ мумкин ва у ердаги асарлар гўзалликнинг беқиёс ифодасидир", деди профессор Ким Чу Ёнг.
Муаллиф Ўзбекистон халқи ҳақида тўхталар экан, у бу халқни буюк ёзувчилар, донолар, достончилар ва санъаткорлар меросини асраб-авайлаб келаётган, юксак маънавият соҳиблари сифатида тасвирлади.
"Ўзбекистон халқини юксак маънавиятга эга, миллий адабиёт ва маданият меросини сақлаб қолиш ҳамда ривожлантиришда фаол иштирок этувчи халқ сифатида баҳолайман. Мен "Алпомиш" эпоси ва Бахшининг ўзига хос юксак фалсафаси ва халқ руҳиятини ёритувчи қудратидан таъсирландим. Шунингдек, Алишер Навоийнинг асарлари орқали менинг қалбимда узоқ муддат яшайдиган тафаккур ва илҳом пайдо бўлди", дея қайд этди ёзувчи.
Тадбир давомида, шунингдек, Ўзбекистоннинг диққатга сазовор сайёҳлик йўналишлари, ЮНЕСКО маданий меъроси рўйхатидан жой олган Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарлар ҳақида ҳикоя қилувчи видеоролик намойиш этилди.
Иштирокчилар Ўзбекистонда туризмнинг зиёрат, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, спорт, саноат, ишбилармонлик, ёшлар ва оилавий каби янги турларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумотлардан ҳам воқиф бўлди. Қатнашчиларга маҳаллий тилда чоп этилган Ўзбекистон туризм имкониятлари тўғрисидаги буклетлар ва бошқа тарқатма материаллар тақдим этилди.
Ли Сонг Кю, сайёҳлик соҳаси бўйича эксперт:
– Юқори даражада ташкил этилган тадбир чоғида Ўзбекистон ҳақидаги кўпгина янги маълумотлардан хабардор бўлдик. Айниқса, республикада сайёҳлик соҳасини ривожлантиришга йўналтирилган муҳим чора-тадбирларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши билан боғлиқ маълумотлар бизда катта қизиқиш уйғотди. Шубҳа йўқки, мамлакат ва унинг минтақаларидаги сайёҳлик инфратузилмасини такомиллаштиришга қаратилаётган бундай эътибор жанубий кореялик сайёҳлар қизиқишини янада оширишга ҳамда туристлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади.
Ли Чонг Юн, "Diplomatic Journal" журналининг раҳбари:
– Марказий Осиё ва Жанубий Кореянинг кўплаб тарихий шаҳарларида сақланиб қолган буддавийлик мероси бугунги кунда давлатлар ўртасида маданий кўприк бўлиб хизмат қилмоқда. Шунингдек, ушбу мерос мамлакатларимиз ўртасидаги туризм салоҳиятини янада ривожлантириш учун улкан имкониятлар манбаи ҳисобланади.
Ли Чу Вон, "World Peace Culture Center" маркази директори:
– Менинг Ўзбекистонга бўлган қизиқишим тобора ортиб бормоқда. Бугунги тадбир орқали мен барча эшитганларимни кўриш ва ҳис этиш имконига эга бўлдим. Шунингдек, юртингиз маданияти ва сайёҳлик имкониятлари билан жанубий кореялик ёшларни таништирмоқчиман. Келгусида, албатта Ўзбекистонга бораман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Чехияда ўзбек маданияти ва туризм имкониятлари намойиш қилинди
Лондонда британиялик экспертлар билан тиббий туризм истиқболлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон норвегияликлар учун машҳур сайёҳлик йўналишига айланмоқда
Наманган вилояти делегацияси хитойлик ишбилармонлар билан туризм бўйича келишувларга эришди
Малайзия сайёҳлик компаниялари билан туризм бўйича келишувларга эришилди