Япония сайёҳларида Ўзбекистонга ВИП-турларга талаб деярли беш баравар ошди
Ноябрь 07, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 90
ОСАКА, 7 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари “Kuoni Tumlare” халқаро туризм компаниясининг Япония бўйича савдо департаменти раҳбари Норихиро Саваи ва Марказий Осиё йўналиши бўйича ижрочи директори Норитомо Кацуки билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Осака шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти, юқори тоифадаги сайёҳлар учун туристик хизматларни ривожлантириш ва маҳаллий туроператорлар билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Компания вакиллари жорий йил июнь ойида Сурхондарё вилоятига япон туроператорлари учун ташкил этилган ахборот-танишув сафари натижаларини юқори баҳолади.
Компания маълумотига кўра, жорий йилда Ўзбекистонга V.I.P. тоифасидаги қарийб 500 нафар мижоз учун саёҳатлар ташкил этилган. Бу кўрсаткич аввалги йилларга нисбатан сезиларли ўсишни кўрсатади.
Музокаралар давомида компаниянинг қарийб 50 нафар масъул менежери учун 2027 йилнинг январь–февраль ойларида Ўзбекистоннинг туристик имкониятлари, меҳмонхона инфратузилмаси ва маҳаллий туроператорлар хизматларига бағишланган онлайн ва офлайн форматда семинар ташкил этишга келишилди.
Шунингдек, компания ҳамкорлик қиладиган 50 га яқин туроператор учун Ўзбекистонни қамраб олган қўшма туристик йўналишлар тақдимотига бағишланган вебинар ўтказиш ҳамда 2027 йил май–июнь ойларида компания вакилларининг танишув сафари ташкил этиш бўйича фикр алмашилди.
Япониянинг “JTB Group” гуруҳи таркибига кирувчи “Kuoni Tumlare” халқаро туризм компанияси 30 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритади. Компаниянинг 40 дан зиёд офиси ва 2 000 нафардан ортиқ мутахассиси бор. Асосий фаолият йўналишлари гуруҳли саёҳатлар, махсус қизиқишларга асосланган турлар ҳамда халқаро тадбирларни ташкил этишдан иборат.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси