Ўзбекистон ва Туркия тикув-трикотаж ҳамда чарм-пойабзал саноатида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ноябрь 07, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 46ИСТАНБУЛ, 7 ноябрь. /“Дунё” АА/. Жорий йилнинг 1–4 ноябрь кунлари Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Руҳулло Зикриллаев бошчилигидаги делегациянинг Туркияга амалий ташрифи уюштирилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида тўқимачилик маҳсулотлари, тайёр кийим-кечак, чарм-пойабзал буюмлари ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш ҳамда сотишга ихтисослашган йирик турк компанияларининг раҳбарияти, шунингдек, соҳавий тармоқ бирлашмалари вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.
Хусусан, “LC Waikiki”, “DeFacto”, “Seamo”, “Islamoglu Tekstil”, “Fermas Fermuar”, “AVVA”, “adL (Adil Işık Group)”, “Damat Tween (Orka Holding)”, “Koton”, “Mavi” ва “DoCotton Group” компаниялари, шунингдек, Туркия пойабзал ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси (TASD), Пойабзал бутловчи қисмлари ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси (AYSAD), Истанбул тайёр кийим-кечак экспорт қилувчилар ассоциацияси (İHKİB) ҳамда Пойабзал тармоғини ривожлантириш фонди (TASEV) вакиллари билан мулоқотлар бўлиб ўтди.
Туркия томонига Ўзбекистонда тўқимачилик, тикув-трикотаж ва чарм-пойабзал саноатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, инвестиция муҳити, мамлакатнинг ишлаб чиқариш ва хомашё салоҳияти, шунингдек, маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Мулоқот чоғида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, хорижий компаниялар билан саноат кооперациясини кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва Ўзбекистонда тайёр маҳсулотларни ташқи бозорларга экспорт қилиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тақдим этилган имкониятлар турк ишбилармон доираларида катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, компаниялар вакиллари Ўзбекистонда ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, маҳаллий корхоналар билан кооперация алоқаларини ўрнатиш, қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда тайёр маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларда сотишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



