Logo

Япониялик етакчи блогер ва журналистлар Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти билан танишди

Июль 22, 2024. 17:20 • 2 дақ

132
Япониялик етакчи блогер ва журналистлар Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти билан танишди

ТОКИО, 22 июль. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси ташаббуси билан Япониянинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирокида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари ва муқаддас қадамжолари, миллий ўзбек таомлари, ривожланаётган туризм йўналишлари ҳақида батафсил маълумот бериш ҳамда Япониядан сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида ташкил этилди.

Ўзбекистон элчиси Мухсинхўжа Абдураҳмонов ўз нутқида, сўнгги йилларда мамлакатимизда туризм бозорини диверсификация қилиш, янги йўналишлар, туризм контентлари ва лойиҳаларини ишлаб чиқиш, хорижий сайёҳларга қулайликлар яратиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Японияда машҳур сайёҳлик дастурининг Ўзбекистонга бағишланган сонларига бошловчилик қилаётган таниқли актёр Кейсуке Минами иштирокчиларга видеомурожаат йўллади.

Кейсуке Минами жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистонга кўрсатувни тасвирга олиш учун амалга оширган ташрифи унда катта таассурот қолдирганини, тарихий обидалар, ўзгача маданият ва мазали миллий ўзбек таомларидан завқ олганини таъкидлади. У, шунингдек, японияликларни Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишга чақирди.

Йиғилганлар ўртасида "Ўзбекистонни биласизми" викторинаси ўтказилди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, учрашувда қатнашган блогерлар ўзларининг "X", "Instagram", "Facebook", "Youtube" каби ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ушбу тадбир ва мамлакатимизнинг туризм салоҳияти, тарихи, маданияти ҳамда миллий таомлари ҳақидаги хабарларни тезкорлик билан жойлаштириб бордилар.

Тақдимот якунида етакчи япон блогерлари билан мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарғиб қилиш тўғрисида келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш