Logo

1 июндан Маскат­­–Тошкент йўналишида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилади

Апрель 09, 2026. 12:33 • 2 дақ

86
1 июндан Маскат­­–Тошкент йўналишида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилади

МАСКАТ, 9 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари Маскат шаҳридаги “Xazain” иқтисодий ҳудудидаги “Silal” марказий бозори фаолияти билан танишди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон элчиси Абдусалом Ҳотамов ташриф давомида бозор имкониятлари ва замонавий инфратузилмаси билан яқиндан танишди. Бозор раҳбарияти томонидан “Silal” марказининг тақдимоти ўтказилди.

Учрашувда Ўзбекистонда етиштирилган мева ва сабзавотларни Ўмон бозорига етказиб бериш, экспорт ҳажмини ошириш ва икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

“Силал” ижрочи директори Набиль ал-Рувайди Ўзбекистон маҳсулотлари сифати билан яхши таниш эканини таъкидлаб, уларни Ўмон бозорига олиб киришда ўзбекистонлик экспортёрларга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, ушбу бозор Ўзбекистон маҳсулотларини султонликда кенг тарғиб қилиш ва маҳаллий импортёрларни топиш учун қулай майдон ҳисобланади.

Шу билан бирга, жорий йил 1 июндан Маскат–Тошкент йўналишида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши савдо ҳажмини янада оширишга хизмат қилиши қайд этилди.

Учрашув якунида “Silal” бозори ҳудудида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмасини ташкил этиш ва унинг доирасида ўзбекистонлик ҳамда ўмонлик тадбиркорлар ўртасида учрашувлар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш

Барчаси