Куала-Лумпурда Ўзбекистоннинг сархил мевалар экспорт имкониятлари намойиш этилди
Май 21, 2026. 21:25 • 2 дақ
• 88КУАЛА-ЛУМПУР, 21 май. /“Дунё” АА/. Юртимизнинг Малайзиядаги элчихонасида Ўзбекистоннинг сархил мевалари – гилос, ўрик ва шафтоли экспорти имкониятларига бағишлаган тақдимот ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Малайзиянинг мева-сабзавот савдосига ихтисослашган ўндан зиёд етакчи ширкатлари, хусусан, “NSK Grocer Sdn Bhd”, “MBG Fruits Sdn Bhd”, “Wonderfruits & Vegetables Import and Export Sdn Bhd”, “Natures Best Sdn Bhd” ва бошқа йирик савдо тармоқлари ҳамда импортёр корхоналар вакиллари иштирок этди.
Тақдимотда Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев сўзга чиқиб, икки томонлама савдо-иқтисодий алоқалар ривожи, айниқса, Малайзия бозори ва у орқали бутун Жануби-Шарқий Осиё (АСЕАН) минтақасига маҳаллий мева-сабзавот ҳамда қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича ҳали ишга солинмаган улкан салоҳият мавжудлигига эътибор қаратди.
Хорижлик тадбиркорларга юртимизнинг етакчи экспортчи корхоналари томонидан тайёрланган тижорий таклифлар тақдим этилди. Элчи логистика масаласига тўхталиб, “Тошкент–Куала-Лумпур–Тошкент” йўналишидаги мунтазам авиапарвозлар орқали сархил меваларни Куала-Лумпур халқаро аэропортигача, қисқа муддатда ва мақбул тарифларда етказиб бериш тизими йўлга қўйилганини таъкидлади.
Музокаралар давомида Малайзиянинг йирик мева импортчиси ҳисобланган “MBG Fruits Sdn Bhd” ва трансмиллий савдо тармоғи – “NSK Grocer Sdn. Bhd.” компаниялари раҳбарлари Ўзбекистондан мавсумга қараб, юқори сифатли меваларни тизимли равишда харид қилиш имкониятини кўриб чиқишга тайёр эканини билдирди.
Тадбир якунида малайзиялик бизнес вакиллари юртимиздан келтирилган гилос, ўрик ва шафтоли намуналарини татиб кўриб, уларнинг таъми ва товар кўринишига юқори баҳо берди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси







