Ўзбекистон ва Покистон парламентлараро ҳамкорлик гуруҳларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди

Май 26, 2026. 08:10 • 3 дақ

30
Ўзбекистон ва Покистон парламентлараро ҳамкорлик гуруҳларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Покистон парламентлараро ҳамкорлик гуруҳларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди

ИСЛОМОБОД, 26 май. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Исломободдаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон ва Покистон парламентлараро ҳамкорлик бўйича гуруҳлари аъзоларининг навбатдаги учрашуви онлайн шаклда ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

 Мулоқотда икки давлат парламентлари вакиллари, дипломатик корпус ходимлари ҳамда қатор соҳалар мутахассислари иштирок этди.

Учрашув давомида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш, парламент дипломатиясини мустаҳкамлаш ва қонунчилик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар кейинги йилларда Ўзбекистон–Покистон ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик руҳида изчил тараққий этиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, парламентлараро мулоқот давлатлараро муносабатларни янада мустаҳкамлашда муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда.

Мулоқот давомида парламентлараро ҳамкорлик бўйича гуруҳлар фаолияти самарадорлигини ошириш, қонун ижодкорлиги соҳасида ўзаро тажриба алмашиш ва парламент назорати механизмларини такомиллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, қонунларнинг ижросини назорат қилиш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги илғор тажрибаларни ўрганиш муҳимлиги таъкидланди. Томонлар мунтазам учрашувлар ва қўшма тадбирлар ташкил этиш орқали парламентлараро алоқаларни янада фаоллаштиришга келишиб олди.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, Ўзбекистон ва Покистон халқларини азалдан муштарак тарих, дин, маданият ва маънавий қадриятлар боғлаб туриши алоҳида қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш, илм-фан, таълим ва маданият соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга.

Хусусан, Лаҳор шаҳрида Бобурийлар сулоласи меросига бағишланган Қўшма маданий марказ ташкил этиш ташаббуси юқори баҳоланди. Ушбу марказ икки халқнинг бой тарихи ва маданий меросини тарғиб қилиш, олимлар ва тадқиқотчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилиши таъкидланди. Шунингдек, Исломобод шаҳрида барпо этилаётган “Бобур” боғи ва “Тошкент” кўчаси лойиҳалари халқлар ўртасидаги дўстлик ва яқинлик рамзи сифатида эътироф этилди.

Онлайн тадбир давомида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт йўлакларини кенгайтириш ва минтақавий боғлиқликни мустаҳкамлаш масалалари алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи муҳим лойиҳалар икки давлат иқтисодий тараққиётига хизмат қилишини қайд этилди.

Учрашувда парламентлараро алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида қўшма “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, Покистон делегациясининг 2026 йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Ёш парламент аъзоларининг 12-Глобал конференциясида иштирок этиш юзасидан келишувга эришилди.  

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш