Logo

Бугун дунёда: Хорижий ОАВ шарҳи қисқа сатрларда

Апрель 13, 2026. 15:36 • 4 дақ

182
Бугун дунёда: Хорижий ОАВ шарҳи қисқа сатрларда

Нигерия ҳарбийларининг бозорга ҳужуми натижасида 200 киши ҳалок бўлди

Нигерия ҳарбий самолётлари мамлакат шимоли-шарқида жангариларни таъқиб қилиш вақтида қишлоқ бозорига авиазарба берди. Ҳодиса оқибатида камида 200 киши ҳалок бўлгани тахмин қилинмоқда. Қурбонлар орасида тинч аҳоли вакиллари ҳам бор. Нигерия ҳарбий-ҳаво кучлари мазкур ҳолатни ўрганиш учун Фуқароларга етказилган зарарни аниқлаш ва тергов қилиш бўлинмаси ишга туширилганини маълум қилди. Расмийлар ҳарбий амалиётда хатоликка йўл қўйилганини тасдиқлади.  

Манба:  Reuters

***

Британия ҳукумати Хўрмуз блокадасида қатнашишдан бош тортди

Буюк Британия АҚШнинг Хўрмуз бўғозини блокада қилиш операциясида қатнашиш таклифини рад этди. Аввалроқ, АҚШ президенти Дональд Трамп Британия денгиз йўлини миналардан тозалаш учун ўз кемаларини жўнатишини айтганди.

Манба: Sky News  

***

Уганда президентининг ўғли Туркиядан 1 млрд доллар ва мамлакатнинг энг гўзал қизини талаб қилди

Уганда президентининг ўғли, мамлакат армияси қўмондони Мухузи Кайнеругаба Туркиядан 1 миллиард доллар ва мамлакатнинг энг гўзал қизини талаб қилди. Акс ҳолда у Анқара билан барча дипломатик алоқаларни бутунлай узиш билан таҳдид қилди. Унинг сўзларига кўра, Туркия Уганда билан муаммоларини ҳал қилмаса, 30 кун ичида расмий Анқара билан барча дипломатик алоқалар тўхтатилади.

Манба: Indiatoday

***

Нетаньяхунинг котиби “Моссад” раҳбари бўлди

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг ҳарбий котиби генерал-майор Роман Гофман мамлакат ташқи разведка хизмати – “Моссад” раҳбари этиб тайинланди. Маълум қилинишича, Гофман ушбу лавозимга 2026 йилнинг 2 июнидан расман киришади. Гофман номзоди раҳбар лавозимларига тайинлаш бўйича маслаҳат қўмитаси томонидан тасдиқланганидан сўнг, Биньямин Нетаньяху тегишли фармонни имзолаган. Бу қарор ҳақида у илк бор 2025 йил декабрида маълум қилган ва турли номзодлар орасидан айнан Гофманни “энг муносиб” деб топган.

Манба: Reuters

***

АҚШ Эроннинг барча портларини блокада қилади

АҚШ Қуролли кучларининг Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) 13 апрель кунидан бошлаб Эрон портларига кириб-чиқадиган барча кемаларга нисбатан денгиз блокадасини бошлайди. Бу ҳақда АҚШ Президенти Дональд Трампнинг қарори эълон қилинди. Блокада Форс кўрфази ва Уммон кўрфазидаги барча Эрон портларини қамраб олади ҳамда барча давлатлар кемаларига тааллуқли бўлади.

Манба: Centcom

***

Хитой Тайван билан алоқаларни юмшатиш учун 10 та янги имтиёз эълон қилди

 Хитой Тайван билан алоқаларни юмшатишга қаратилган 10 та янги рағбатлантирувчи чора-тадбирни эълон қилди. Эълон қилинган имтиёзлар орасида туризм чекловларини юмшатиш, телевидениеда тарбиявий аҳамиятга эга сериалларни намойиш этишга рухсат бериш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари савдосини енгиллаштириш каби чоралар мавжуд.

Манба:  Reuters

***

Венгрияда “сиёсий инқилоб”, Виктор Орбан мағлуб бўлди

12 апрель куни Венгрияда бўлиб ўтган парламент сайловларида тарихий натижа қайд этилди: Петер Мадяр бошчилигидаги мухолифатдаги “Тиса” (Tisza) партияси ғалаба қозонди ва Виктор Орбаннинг 16 йиллик бошқаруви ниҳоясига етди. Ушбу сайловлар нафақат Венгрия, балки бутун Европа Иттифоқи ва халқаро ҳамжамият учун муҳим аҳамият касб этди, чунки унинг натижалари мамлакатнинг кейинги йиллардаги ташқи сиёсатини белгилаб беради.

Манба:  Aljazeera

***

Корея Эрондаги уруш сабаб Қозоғистондан нефть сотиб олмоқчи

Жанубий Корея Қозоғистон билан йирик нефть етказиб бериш бўйича келишув тузиш арафасида турибди. Жанубий Корея Саноат вазири Ким Чжонг-кваннинг айтишича, келишув бўйича аниқ ҳажм ва логистика масалалари келаси ҳафта бошида эълон қилиниши кутилмоқда.

Манба: Reuters

***

Афғонистонда сув тошқинлари қурбонлари 189 кишига етди

Афғонистонда жорий йил 26 мартдан буён давом этаётган бир қатор табиий офатлар, жумладан, кучли ёмғирлар, сув тошқинлари, ер кўчкилари ва биноларнинг қулаши оқибатида камида 189 киши ҳалок бўлди. Қайд этилишича, охирги икки кун ичида табиий офат қурбонлари камида 22 кишини ташкил этган, яна тўққиз киши жароҳатланган. Идора матбуот котиби ўринбосари Тож Муҳаммад Хематнинг сўзларига кўра, энг кўп ўлим ҳолатлари уйларнинг қулаши ва тошқин вақтида чўкиш билан боғлиқ.   

Манба: Afintl   

Австралия армиясини тарихда илк бор аёл киши бошқаради

Австралия армиясига тарихда илк бор аёл киши қўмондонлик қилади. Генерал-лейтенант Сюзан Койл июль ойидан мазкур лавозимга киришади. Ҳозирда армияга генерал-лейтенант Саймон Стюарт қўмондонлик қилмоқда. Койлнинг тайинланиши Австралия армияси сафида аёл офицерлар улушини оширишга қаратилган ҳаракатнинг бир қисмидир. Армия тизимли жинсий зўравонлик ва камситиш бўйича айбловлар тўлқинига дуч келмоқда.

Манба:  Reuters

***

Эйфель минорасининг бир қисми аукционга қўйилади

Парижда 21 май куни Эйфель минораси зинасининг бир қисми кимошди савдосига қўйилади. Зина бўлаги миноранинг иккинчи қаватидан тепага кўтарилиш учун мўлжалланган конструкциянинг бир қисми ҳисобланган. 1983 йилда у демонтаж қилинган ва 24 қисмга бўлинган. Улардан 20 таси кимошди савдосида сотилган, 4 таси эса музейларга топширилган. Сотилган йигирмата қисмдан фақат бир нечтаси Францияда қолган ва ҳали ҳам ўзининг дастлабки харидорлари тасарруфида қолмоқда. Қолган элементлар бутун дунё бўйлаб нуфузли коллекция ва кўргазмаларга киритилган.

Манба:  Artcurial 

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш