Бугун дунёда: Хорижий ОАВ шарҳи қисқа сатрларда
Апрель 21, 2026. 12:17 • 4 дақ
• 40
Франция ва Польша ҳарбий алоқа учун сунъий йўлдош яратади
Польша ва Франция Польша қуролли кучлари учун ҳимояланган ҳарбий алоқа каналини таъминлайдиган космик сунъий йўлдошни ҳамкорликда барпо этади. Бу ҳақда 20 апрель, душанба куни Гданьскда бўлиб ўтган қўшма учрашувда Франция президенти Эммануэль Макрон ва Польша бош вазири Дональд Туск маълум қилган.
Манба: Deutsche Welle
***
Янги Зеландияда фавқулодда ҳолат эълон қилинди
Янги Зеландия пойтахти Веллингтон шаҳрида кучли ёмғир ва сел оқимлари сабаб фавқулодда ҳолат жорий этилди. Ёғингарчилик шаҳар инфратузилмасига жиддий таъсир кўрсатиб, кўчаларни сув босган. Қарийб бир соат ичида 77 миллиметр ёмғир ёғгани қайд этилди. Табиий офат оқибатида кўплаб автомобиллар сув остида қолди, дарахтлар қулади ва айрим уйларга жиддий зарар етди. Бир нечта мактаблар ёпилди, аэропортда эса рейслар бекор қилинди. Ҳукумат аҳолини уйда қолишга чақириб, кераксиз ҳаракатларни чеклашни тавсия қилди.
Манба: ВВС
***
Кореяда юк машинаси намойишчиларни босиб кетди
Жанубий Кореяда юк машинаси SU логистик маркази олдида ўтказилаётган норозилик намойиши иштирокчиларини босиб кетди. Ҳодиса оқибатида 1 киши ҳалок бўлди, яна 2 киши жароҳат олди. Воқеа Чинчжу шаҳрида маҳаллий вақт билан тахминан 10:32 да содир бўлган. Бу вақтда юк ташувчилар касаба уюшмаси аъзолари компания раҳбарияти билан музокара талаб қилиб намойиш ўтказаётган эди.
Манба: Yonhap
***
Трамп: Эрон ҳар куни 500 млн доллар йўқотмоқда
АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон иқтисодий жиҳатдан катта зарар кўраётганини ва ҳар куни тахминан 500 миллион доллар йўқотаётганини маълум қилди. Оқ уй раҳбарига кўра, Эрон ҳар куни тахминан 500 миллион долларни “ҳавога совуряпти”, АҚШ эса бу вазиятда зарар кўрмаяпти. Трампнинг ёзишича, Эрон Ҳормуз бўғозида ўт очган ва бу сулҳ шартларини бузиш ҳисобланади.
Манба: Трампнинг “Truth Social”даги расмий саҳифаси
***
Apple компаниясида янги бош ижрочи директор тайинланди
“Apple” компанияси Тим Кукнинг ўрнига Жон Тернус янги бош ижрочи директор этиб тайинланганини эълон қилди. Тим Кук технология гигантини 15 йил бошқарганидан сўнг ўз лавозимини тарк этмоқда. Ҳозирда аппарат муҳандислиги бўлими раҳбари бўлиб ишлаётган ва Apple’да 25 йиллик тажрибага эга Жон Тернус ўз вазифасига 1 сентябрдан киришади. Тим Кук эса компания ижрочи раиси лавозимига ўтади.
Манба: BBC
***
Дипломатик можаро: Колумбия ва Эквадор президентлари судлашмоқчи
Колумбия президенти Густаво Петро Эквадор президенти Даниэл Нобоани туҳматда айблаб, расман судга даъво аризаси киритди. Икки қўшни давлат раҳбарлари ўртасидаги муносабатлар кескинлашгани халқаро ҳамжамият эътиборида бўлиб турибди. Зиддият Даниэл Нобоанинг баёнотидан кейин авж олди. У Колумбия етакчисини 2025 йилда Эквадорнинг Манта шаҳрига қилган ташрифи давомида ашаддий наркобарон “Фито” билан яширин алоқа ўрнатганликда айблаган эди. Густаво Петро бу иддаоларни қатъий рад этиб, буни ўзининг сиёсий обрўсига берилган “қасддан қилинган зарба” деб атади.
Манба: Washingtonpost
***
Ҳиндистонда завод портлаши натижасида 25 киши ҳалок бўлди
Ҳиндистон жанубидаги Таминладу штатида жойлашган пиротеҳника воситалари ишлаб чиқариладиган заводда йирик портлаш содир бўлди. Ҳодиса оқибатида камида 25 киши ҳалок бўлгани, 4 нафар ишчи эса жиддий жароҳат олгани айтилмоқда. Портлаш Вирудхунагар шаҳридаги Ваняжа мушакбозлик саноати ҳудудида содир бўлган. Расмийларнинг айтишича, портлаш юз берган пайтда ишчиларнинг иш вақти якунланган бўлса-да, улар ишлаётган бўлган.
Манба: BBC
***
Франция ва Греция мудофаа битимини яна беш йилга узайтиради
Франция Президенти Эммануэль Макрон келаси ҳафта Грецияга ташриф буюриб, икки давлат ўртасидаги хавфсизлик ва мудофаа битимини янгилайди. Франция ва Греция – узоқ йиллик НАТО иттифоқчилари 2021 йилда ўзаро ёрдамни назарда тутувчи мудофаа келишувини имзолаган эди. Ушбу битимга кўра, томонлардан бири ҳужумга учраса, иккинчиси ёрдам бериши керак. Шунингдек, келишув доирасида Афина Францияда ишлаб чиқарилган учта фрегат ва тахминан 24 та Dassault Rafale қирувчи самолётини харид қилган.
Манба: Reuters
***
Арманистонда 10 тоннага яқин Nestle болалар озуқаси йўқ қилинди
Арманистонда “Nestle” компаниясининг “NAN” брендидаги болалар овқатининг 9700 кг миқдордаги партияси хавфли деб топилгач, йўқ қилинди. Ушбу қарор аралашмаларда хавфли токсин мавжудлиги таҳдидини кўрсатган лаборатория тадқиқотлари натижалари олингандан сўнг қабул қилинди. Бу ҳақда Арманистон озиқ-овқат хавфсизлиги инспекцияси матбуот хизмати хабар берди.
Манба: TASS
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси