Logo

Ислом цивилизацияси маркази - Ўзбекистоннинг дунёдаги янги ташриф қоғози

Март 27, 2026. 12:33 • 3 дақ

80
Ислом цивилизацияси маркази - Ўзбекистоннинг дунёдаги янги ташриф қоғози

БЕРЛИН, 27 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Дилшод Ахатов Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази очилиши муносабати билан нуфузли немис нашри “Hauptstadtecho”га интервью берди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Интервьюда таъкидланишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон нафақат иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлари, балки маданий-гуманитар соҳадаги кенг кўламли ташаббуслари билан ҳам халқаро ҳамжамият эътиборини тортмоқда. Тошкентда барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази энг муҳим лойиҳалардан бири ҳисобланади.

Элчи ушбу мажмуанинг шунчаки бино эмас, балки мамлакатнинг минг йиллик бой илмий ва маданий меросини акс эттирувчи илмий-маърифий ва тадқиқот маркази эканини таъкидлади. Марказ замонавий музей бўлиб, илғор рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда яратилган.

Дилшод Ахатов IX–XIV асрларда Ўзбекистонда Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Ал-Беруний, Мирзо Улуғбек каби буюк алломалар ижод қилганини алоҳида қайд этди. Уларнинг илмий ишлари “Алгоритм”, замонавий тиббиёт асослари каби фундаментал тушунчаларнинг асосини ташкил этган.

Суҳбатда айтилишича, Ўзбекистон мазкур марказ орқали қадимий маданий илдизларга таянган ҳолда “Учинчи Ренессанс”ни барпо этаётгани, умумий илмий ва маданий меросни дунёга танитишга ва келажак авлодларга етказишга интилаётгани таъкидланди.

Марказнинг асосий вазифаси илм-фанни тарғиб қилиш, ислом дини тинчлик, илм-фан ва инсонпарварлик дини эканини намойиш этиш ва маърифатнинг барча даврларда тараққиётнинг асоси эканини кўрсатишдир.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг марказ қурилиш майдонига ташрифи ва юксак баҳоси лойиҳанинг халқаро миқёсда эътироф этилганидан далолат беради.

Шунингдек ўқинг

Дипломатнинг сўзларига кўра, марказда ЮНЕСКО, ТУРКСОЙ ва АЙСЕСКО каби нуфузли ташкилотлар офислари жойлаштирилган бўлиб, бу уни халқаро мулоқот учун глобал майдон сифатидаги мақомини оширади.

Шунингдек, хориждан маданий бойликларни қайтариш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Буюк Британиядаги “Sotheby’s” ва “Christie’s” аукционларидан сотиб олинган Амир Темур ва Бобур даврига оид 580 дан ортиқ қўлёзмалар Ўзбекистонга қайтарилгани миллий ўзликни тиклашда муҳим қадам бўлди.

Марказ залларида жаҳон цивилизациясининг ноёб экспонатлари, шу жумладан Халифа Усмон Мусъҳафи ва Қуръоннинг нодир нусхалари намойиш этилмоқда. Бу Марказни бутун дунё олимлари учун энг муҳим илмий ва тадқиқот марказига айлантиради.

Элчи таъкидлаганидек, ислом нафақат диний таълимот, балки тиббиёт, астрономия, математика ва фалсафанинг ривожланишига ҳисса қўшган интеллектуал анъана ҳисобланади. Марказ лойиҳалаштирилишида 40 дан ортиқ давлатдан 1500дан зиёд экспертлар иштирок этган, бу халқаро ҳамкорликнинг юксак даражасини кўрсатади.

Суҳбат сўнггида марказ барча учун очиқ экани, шунингдек, чет эллик сайёҳлар ва мутахассислар, жумладан Германия учун ҳам Евроосиёнинг асосий интеллектуал марказларидан бирига айланиши мумкинлиги алоҳида таъкидланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш