Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятларида “Ўзбекистон маданият кунлари” доирасида ватандошлар ва талабалар билан ижодий учрашувлар ўтказилди
Февраль 01, 2026. 16:40 • 2 дақ
• 119ЎШ, 2 февраль. /“Дунё” АА/. Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятларида “Ўзбекистон маданият кунлари” доирасида бир қатор тадбирлар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон Ёшлари умумжаҳон ассоциацияси раиси ўринбосари Нозима Рузметова бошчилигидаги делегация ташрифи доирасида Жалолобод ва Ўш шаҳарларидаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан очиқ мулоқотлар ташкил этилди.
Учрашувларда ёшларга Ўзбекистонда олий таълим соҳасидаги ислоҳотлар, ўқишни кўчириш ва дипломларни нострификация қилиш тартиблари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари талабаларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда маҳаллий қонунчилик нормалари юзасидан тушунтиришлар бердилар.
Тадбирларнинг маданий қисмида таниқли актёр Озодбек Қаюмов иштирок этиб, талабалар билан ижодий мулоқот ўтказди. Санъаткор сўнгги йилларда ўзбек кинематографиясида юз бераётган ижобий ўзгаришлар ҳамда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан суратга олинган “Баҳодир Ялангтўш” тарихий бадиий фильми ҳақида сўзлаб берди. Мазкур фильмнинг Ўш шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги академик ўзбек мусиқали драма театрида ўтказилган намойиши ватандошларда катта таассурот қолдириб, уларда миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Ташриф якунида Ўзбекистон Ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ва Ўш давлат университети ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, жорий йил март ойида Қирғизистон тиббиёт олийгоҳлари талабалари учун Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари билан видеомулоқот ташкил этиш ҳамда “Наврўз” байрамини кенг нишонлаш режалаштирилди. Бу каби лойиҳалар хориждаги ватандошлар билан алоқаларни кучайтириш ва ёшларни миллий қадриятлар руҳида бирлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



