Қозоғистоннинг Уральск шаҳрида Ўзбекистон фуқаролари учун сайёр қабул ўтказилди
Март 09, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 44УРАЛЬСК, 9 март. /“Дунё” АА/. Қозоғистоннинг Уральск шаҳрида доимий ва вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари иштирокида сайёр қабул ўтказилиб, уларга керакли консуллик-ҳуқуқий консультация берилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу сайёр қабул мамлакатимизнинг Оқтов шаҳридаги бош консулхонаси томонидан Оқтов шаҳрига келиши мушкул юртдошлар учун ташкил этилди.
Тадбирда дипломатларимиз ватандошларга Қозоғистон қонунчилигини бузмаслик, қонунларга риоя этиш, Ўзбекистон номига доғ туширмаслик, турли радикал оқимлар ва ноқонуний гуруҳларга аралашмаслик зарурлигини таъкидлади.
Ҳамюртларимизнинг хорижга чиқиш учун биометрик паспортни расмийлаштириш, шахсни тасдиқловчи ҳужжат ҳамда Ватанга қайтиш гувоҳномасини расмийлаштириш каби мурожаатлари кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, меҳнат миграцияси, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш масалаларида фикр алмашилди. Ватандошларни қийнаётган муаммо ва камчиликлар ўрганилди. Уларга ечим топиш борасида тегишли таклиф ва ташаббуслар билдирилди.
Юртдошларга Европа ва бошқа ривожланган давлатларга Миграция агентлиги томонидан қонуний равишда хорижга чиқиш масалалари тушунтирилди. Ватандошларга доимий равишда алоқада бўлиш ва мурожаат қилиши учун керакли маълумотлар тарқатилди.
Мулоқот чоғида Қозоғистон қонунчилигига риоя қилиш зарурлиги, шунингдек, агарда уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилган тақдирда Бош консулхонага мурожаат қилиш тартиблари тушунтирилди.
Сайёр қабул сўнггида юртимиз фуқаролари учун ифторлик дастурхони ташкил этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



