Куала-Лумпурда Малайзиядаги ватандошлар иштирокида ифторлик тадбири ўтказилди
Март 14, 2026. 09:10 • 2 дақ
• 280
КУАЛА-ЛУМПУР, 14 март. /“Дунё” АА/. Куала-Лумпурда Ўзбекистон фуқаролари учун ифторлик тадбири бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир мамлакатнинг Малайзиядаги элчихонаси томонидан ташкил этилди. Унда ўқитувчи ва талабалар, “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари, Куала-Лумпурдаги Бутунжаҳон ёшлар ассоциацияси вакиллари, шунингдек, Малайзияда меҳнат қилаётган ватандошлар иштирок этди. Учрашувни элчи Каромиддин Гадоев кириш сўзи билан очиб, йиғилганларни Рамазон ойи билан табриклади.
Тадбир давомида иштирокчиларга ёшларнинг таълим олиши ва касбий ривожланиши учун яратилган имкониятлар, хориждаги фуқароларни қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида маълумот берилди. Рамазон ойининг маънавий аҳамияти, юртдошлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва алоқаларни давом эттириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув доирасида элчихона вакиллари ва тадбир иштирокчилари ўртасида очиқ мулоқот бўлиб ўтди, унда ватандошлар ўзларини қизиқтирган саволларни беришди.
Малайзия халқаро ислом университети талабаси Сарвар Ғайратий бундай учрашувлар турли таълим муассасалари талабалари билан танишиш ва мулоқот қилиш имконини беришини таъкидлади.
Малайя университети докторанти, “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендианти Жалолиддин Патхиддинов олган билим ва тажрибасини юртимизга қайтгач, ҳаётга татбиқ этишни режалаштираётганини маълум қилди.
UCSI университети магистранти Шаҳзод Йўлдашев тадбир давомида турли йўналишларда таҳсил олаётган кўплаб юртдошларимиз билан яқиндан танишганини таъкидлади.
Ифторлик тажриба алмашиш, ўқув ва иш масалаларини муҳокама қилиш, шунингдек, Малайзиядаги ўзбекистонлик ватандошлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш учун платформага айланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси