Logo

Ўзбекистон Президенти Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг Рақамлаштирилган бошқарув марказида бўлди

Март 16, 2026. 15:35 • 3 дақ

51
Ўзбекистон Президенти Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг Рақамлаштирилган бошқарув марказида бўлди

ТОШКЕНТ, 16 март. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Олмалиқ кон-металлургия комбинатида ташкил этилган Рақамлаштирилган бошқарув маркази фаолияти билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур марказ комбинатнинг 1-, 2- ва 3-мис бойитиш фабрикаларидаги ишлаб чиқариш жараёнларини мувофиқлаштириш, самарадорликни ошириш ва узлуксиз мониторингни таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.

Замонавий рақамли бошқарув тизимлари, катта экранли мониторинг панеллари, видеокузатув воситалари, шунингдек, “Siemens PCS 7” ва “AVEVA PI Vision” платформалари орқали майдалаш, флотация, қуюлтириш, фильтрлаш, реагентлар билан таъминлаш, технологик сув таъминоти, цехлар ва транспорт тизими фаолияти реал вақт режимида назорат қилинмоқда.

Бошқача айтганда, ушбу марказ фабриканинг ўзига хос “мияси” бўлиб, йигирма мингдан зиёд ускуна ягона ахборот тизимига уланган.

“Ақлли” камералар орқали дастлабки мониторинг амалга оширилади, сунъий интеллект ёрдамида эса аномал ҳолатлар автоматик тарзда аниқланади. Бу маълумотларни ягона ахборот тизими орқали таҳлил қилиш ва тезкор қарорлар қабул қилиш имконини беради.

Президентимиз марказ фаолияти билан танишар экан, сунъий интеллект орқали, айниқса, тоғ-кон ва металлургия тармоқларида самарадорликни ошириш бўйича катта имкониятлар борлигини таъкидлади. Шу билан бирга, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида замонавий ресурс тежовчи технологияларни кенг жорий этиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу ернинг ўзида давлатимиз раҳбарига комбинатнинг ишлаб чиқариш ва технологик жараёнларини янада рақамлаштириш бўйича режалар тақдимот қилинди.

Шунингдек ўқинг

Қайд этилганидек, кондан маъдан қазиб олишдан бошлаб тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча жараёнлар босқичма-босқич рақамлаштирилмоқда. Келгуси беш йилда ҳар бир босқичга сунъий интеллект ечимларини кенг жорий этиш кўзда тутилган.

Саксон йил давомида тўпланган геологик ва маркшейдерлик маълумотлари асосида конларни рақамлаштириш ишларининг бориши ҳақида ҳам ахборот берилди. Жумладан, “Рақамли кон” тизими кунлик, ҳафталик ва ойлик қазиш ишларининг аниқ йўналишларини белгилаш имконини бермоқда.

Сунъий интеллект асосида карьер йўллари ҳолати назорат қилинмоқда, самосвал шиналарининг босими ва ҳарорати датчиклар орқали кузатиб борилмоқда. Ана шундай доимий мониторинг натижасида шиналарнинг хизмат муддати 14 фоизга оширилган.

Соҳада замонавий технологияларни чуқур ўзлаштирган мутахассислар тайёрлаш, кадрларни янги иш усуллари ва рақамли ечимлар асосида ўқитиш устувор вазифалардан бири экани кўрсатиб ўтилди.

Патент ишлари кўламини кенгайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Фабрикадаги ҳар бир босқичда қўлланилаётган илмий-технологик ечимларни патентлаш, бу борада ваколатли ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш, истиқболли инновацион йўналишларни белгилаб олиш зарурлиги таъкидланди.

Қайд этилганидек, янги патент бу – янги технология, янги ишлаб чиқариш йўналиши ва янги бозорлар, демак. Мамлакатимиздаги бой хомашё базаси жаҳон бозорларига чиқиш учун кенг имкониятлар яратаётгани инобатга олиниб, 2026 йилда қайси истиқболли йўналишларда яна қанча патент олиш мумкинлиги юзасидан аниқ ёндашувларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш