Ўзбекистон ва Хитой ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда
Март 16, 2026. 15:22 • 3 дақ
• 45
ГУАНЧЖОУ, 16 март. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Пекиндаги элчихонаси ва Гуанчжоудаги Бош консулхонаси томонидан Гуандун провинциясида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги инвестиция ҳамкорлигига бағишланган бизнес-форум ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда Гуандун провинциясининг вазирлик ва идоралари, савдо-саноат палаталари, ишбилармон доиралари ва етакчи компаниялар вакиллари иштирок этди.
Форумда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар жадал ва барқарор равишда ривожланаётганини таъкидлаб, сўнгги йилларда делегацияларнинг ўзаро ташрифлари, турли иқтисодий тадбирлар сезиларли даражада фаоллашганини қайд этилди. Иштирокчилар мамлакатимиз иқтисодиётига инвестицияларни жалб қилиш, юқори сифатли миллий маҳсулотларимиз экспортини кенгайтириш масалаларида кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
Йиғилганларга икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, жумладан, савдо, инвестициялар ва туризм соҳаларида кузатилаётган ижобий динамика, амалга оширилаётган йирик қўшма лойиҳалар ҳамда иқтисодий муносабатларни кенгайтиришга қаратилган истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берилди.
Тадбир давомида Сирдарё вилоятининг тақдимоти ўтказилди. Унда ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти, драйвер тармоқлари, “Сирдарё” эркин иқтисодий зона фаолияти, ундаги солиқ, божхона ва бошқа турдаги имтиёзлар, янги ишлаб чиқилган инвестицион лойиҳалар ҳамда туризм имкониятлари ҳақида гапириб берилди.
Бундай учрашувларнинг ўтказилиши мамлакатларимиз ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, аниқ лойиҳаларни муҳокама қилиш учун муҳим платформа вазифасини ўташи, ҳамда келгусидаги қўшма ташаббусларни амалга оширишга мустаҳкам замин яратиши алоҳида таъкидланди.
Форум якунида G2B ва B2B форматидаги музокаралар ўтказилди ҳамда ўзаро манфаатли бўлган бир қатор соҳаларда ҳамкорлик қилиш бўйича келишувлар имзоланди.
Хитойлик тадбиркор Лин Вей-Ин:
- Биз бугунги форумда иштирок этиш оркали Ўзбекистоннинг деярли барча соҳалари ривожи ва мавжуд имкониятлари юзасидан тўлиқ маълумот олдик.
Хусусан, Сирдарё вилояти салоҳияти “Сирдарё” эркин иқтисодий зонасида мавжуд бизнес имкониятлар биз ва ҳамкорларимиз учун қизиқ бўлди. Ушбу ҳудуддаги хорижий инвесторлар учун яратилган имтиёзлар, вилоятнинг қулай географик жойлашуви ҳамда қўшни давлатларга бевосита чиқиш имконияти Хитой компанияларини ўзига жалб қилади.
Сирдарё вилоятини Хитой тажрибасига асосланган инновацион ҳудуд сифатида белгилангани Хитой компанияларини ушбу ҳудудга кенг жалб этиш учун муҳим омилдир. Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш ўзаро манфаатли бўлишига ишончим комил.
“Prouder” компанияси асосчиси Чэн Янфен:
- Ушбу форумда биз ва провинциядаги саноат корхоналари мамлакатингиздаги бизнес имкониятлар, ҳудудлар ҳамда тармоқларнинг инвестициявий салоҳияти бўйича батафсил малумотлар олдик.
Бизнинг компания форумдан сўнг ахборот-коммуникация технологиялари ва рақамлаштириш панел сессиясида иштирок этиб, ушбу соҳага таалуқли ва айрим лойиҳалар бўйича кўпгина қизиқарли маълумотларга эга бўлдик. Хусусан, “IT Tashkent” парки бўйича ҳамкорлик ва у ерда АКТ йўналишида лойиҳа амалга ошириш имкониятларини яқиндан ўрганамиз.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси