Logo

Ўзбекистон Президенти Жанубий Корея Парламенти спикерини қабул қилди

Декабрь 17, 2025. 15:23 • 2 дақ

92
Ўзбекистон Президенти Жанубий Корея Парламенти спикерини қабул қилди

ТОШКЕНТ, 17 декабрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Жанубий Корея ва Марказий Осиё давлатлари парламентлари раҳбарларининг учинчи учрашувида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси спикери У Вон Шик бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашув аввалида олий мартабали меҳмон Ўзбекистон етакчисига Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мённинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги алоҳида стратегик шерикликни, жумладан, парламентлар ҳамкорлиги орқали янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Сиёсий ва парламентлараро алоқалар жадал тус олгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми ҳамда Жанубий Кореядан, биринчи навбатда, иқтисодиётни модернизация қилиш ва юқори технологияли саноат тармоқларини ривожлантиришга йўналтирилаётган инвестицияларнинг сони ортиб бормоқда.

Гуманитар ва таълим алмашинувлари кенгаймоқда. Ўзбекистонда Жанубий Корея етакчи университетларининг тўртта филиали, шунингдек, мамлакатимиз ҳудудларидаги профессионал таълим марказлари муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Инфратузилмани ривожлантириш, транспорт ва логистика, нодир металлар ва ўта муҳим хомашёни қайта ишлаш, шунингдек, қонун ижодкорлиги фаолиятини рақамлаштириш ва бошқарувда илғор ечимларни жорий этиш бўйича кооперация лойиҳаларини амалга ошириш қўллаб-қувватланди.

Парламентлараро ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш ҳамда парламентлардаги “дўстлик гуруҳлари” ишини фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Бўлажак олий даражадаги, жумладан, “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммити доирасидаги тадбирларнинг кун тартибини пухта тайёрлаш зарурлиги қайд этилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш