Германиянинг йирик шаҳарларида ўзбек туризмига оид видеороликлар намойиш этилди
Декабрь 27, 2025. 15:38 • 50 сония
• 142БЕРЛИН, 27 декабрь. /“Дунё” АА/. Германиянинг қатор йирик шаҳарларидаги LED-экранларда Ўзбекистон туризм имкониятларига бағишланган видеоролик рекламалари намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу ташаббус Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш ва сайёҳлар оқимини ошириш дастури доирасида амалга оширилди. Видеороликлар мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси ҳамда Туризм қўмитаси ҳамкорлигида тайёрланди.
Қисқа метражли видеоролик рекламаси “HD-Berlin brillant led boards GmbH” МЧЖ компанияси билан ҳамкорликда йирик шаҳарлардаги LED-экранларида намойиш қилинди. Бир ҳафта давомида Берлинда 9 та экранда ҳар куни 360-720 марта, Дюссельдорфда 10 та экранда, Мюнхен ва Штутгарт шаҳарларида 1 тадан экранда 2 кун давомида ҳар куни 360 мартадан намойиш этилди.
Мамлакатимизга Европадан ташриф буюрадиган сайёҳларнинг катта қисми германиялик сайёҳлар ҳиссасига тўғри келади. Европанинг йирик сайёҳлик компаниялари ва туроператорларининг юртимизга бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
“Рождество” ва Янги йил байрами арафасида Германияга дунёнинг турли бурчакларидан меҳмонларнинг оқиб келишини ҳисобга олсак, юртимиз туризм салоҳиятига бағишланган бундай видеороликлар дунё халқларини юртимизга саёҳат қилишга чорлайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

