Logo

Ўзбекистон ва Хитой икки мамлакат ўртасидаги авиақатновлар сонини кўпайтирмоқда

Январ 13, 2026. 12:03 • 2 дақ

181
Ўзбекистон ва Хитой икки мамлакат ўртасидаги авиақатновлар сонини кўпайтирмоқда

ТОШКЕНТ, 13 январь. /“Дунё” АА/. 14 январь куни Хитойнинг Қошғар шаҳридан Ўзбекистон пойтахтига янги йўловчи авиамаршрути бўйича биринчи рейс амалга оширилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хитойнинг “Синьхуа” АА маълумотига кўра, ушбу йўналишнинг очилиши Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама гуманитар алмашинув ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорлик учун қулай ҳаво кўпригини яратиши кутилмоқда.

Шинжон-Уйғур автоном районининг Қошғар округи маъмурий марказидан амалга ошириладиган илк парвоз учун 180 ўринли Airbus A320 самолётидан фойдаланилади. Парвозларни ҳафтасига бир маротаба (бориш ва қайтиш) амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу тўғридан-тўғри авиамаршрут илгари бошқа шаҳарлар орқали учишни талаб қилган сафар вақтини сезиларли даражада қисқартиради.

Ўзбекистон Қошғар округининг муҳим савдо шериги ҳисобланади. Сўнгги йилларда Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро боғлиқлик ва ҳамкорлик даражаси мунтазам равишда ошиб бормоқда. 2025 йил

1 июндан бошлаб Хитой Халқ Республикаси ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасида виза талабларини ўзаро бекор қилиш тўғрисидаги келишув расман кучга кирди. Унга кўра, икки давлат фуқаролари амалдаги хорижга чиқиш паспортлари билан бир гал кирганда 30 кунгача бўлган муддатга визасиз юришлари мумкин.

Бундай қулай шароитлар фонида ҚошғарТошкент тўғридан-тўғри авиамаршрутининг очилиши туристик ва ишбилармонлик сафарларига бўлган талабни янада фаоллаштиради ҳамда турли соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга янги туртки беради.

Статистик маълумотларга кўра, Хитойдан Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар оқими сўнгги йилларда сезиларли даражада ошган. 2024 йилда мамлакатга Хитойдан 74,3 минг нафардан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган бўлса, бу 2023 йилга нисбатан тахминан 75 фоизга кўпдир.

Ушбу ижобий динамика 2025 йилда ҳам давом этди: январьоктябрь ойларида Ўзбекистон Хитойдан қарийб 217 минг нафар сайёҳни қабул қилди ва йил якунига келиб бу кўрсаткич 250 минг нафардан ошиши кутилмоқда — бу бир йил олдингига нисбатан 3 баравар кўп демакдир.

Экспертларнинг таъкидлашича, сафарларнинг кўпайиши нафақат визасиз режим, балки якунланган “Туризм йили” доирасида Ўзбекистоннинг Хитой туристик бозорида фаол тарғиб қилиниши ҳамда икки мамлакат ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри авиарейсларнинг кенгайиши билан ҳам боғлиқ.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш