Хитойлик сайёҳлар Янги йил байрамида Ўзбекистонга ташрифини икки баробарга оширди
Январ 09, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 303
ТОШКЕНТ, 9 декабрь. /“Дунё” АА/. 2026 йил 1-3 январь кунлари Хитойдан Ўзбекистонга авиачипталарни бронь қилиш сони ўтган йилга нисбатан икки баравар ошди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хитойнинг “Синьхуа” ахборот агентлиги маълумотига кўра, хитойлик кўплаб сайёҳлар янги йилнинг дастлабки кунларида саёҳат учун Ўзбекистонни танлаган. Таҳлилчилар Ўзбекистонга саёҳатнинг ортишини Хитой фуқаролари учун визасиз режимнинг жорий этилиши билан боғлаган. Ўзбек замини нафақат бой тарихи ва маданий мероси, балки замонавий инфратузилмаси, янги йўналишлар ва қулай ҳаво қатновлари билан ҳам сайёҳларни ўзига жалб қилмоқда.
Ўзбекистон статистик манбаларига кўра, сўнгги йилларда Хитойдан Ўзбекистонга сайёҳлар оқими сезиларли даражада ошган. 2024 йилда мамлакатга Хитойдан 74,3 минг сайёҳ ташриф буюрди, бу 2023 йилга нисбатан қарийб 75 фоизга кўпдир.
Ушбу ижобий динамика 2025 йилда ҳам давом этди: январь-октябрь ойларида Ўзбекистон Хитойдан 217 мингга яқин сайёҳни қабул қилди ва йил охирига келиб бу кўрсаткич 250 минг кишидан ошиши кутилмоқда. Бу ўтган йилга нисбатан 3 баравардан кўпроқдир.
Экспертларнинг таъкидлашича, саёҳатларнинг кўпайиши нафақат визасиз режим, балки якунланган Туризм йили доирасида Ўзбекистоннинг Хитой сайёҳлик бозорида фаол тарғиб қилиниши, икки мамлакатнинг йирик шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларнинг кенгайиши билан боғлиқ.
Хитойлик сайёҳлар оқимининг кўпайиши Ўзбекистоннинг Осиёдан келган сайёҳлар орасида, айниқса, байрам таътиллари даврида тобора оммалашиб бораётганини кўрсатади ва туризм соҳаси учун янги имкониятлар очади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси